ИЦМ экспозициясида Туркистон мухторияти фаолияти кенг ёритилади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан тарихий-маънавий бойликларни тиклаш, миллий давлатчилик ғоясини мустаҳкамлаш йўлида муҳим медиа лойиҳа – “Туркистон мухторияти”ни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

 

Лойиҳанинг асосий мақсади – Туркистон мухториятининг тарихий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, миллий давлатчилик тарихини чуқур ўрганиш ҳамда ёш авлодда миллий ифтихор туйғусини шакллантиришдан иборат. Совет даврида тарихий ҳақиқат сифатида эътироф этилмаган, қатағон қилинган бу давр ўзбек давлатчилиги тарихидаги муҳим саҳифалардан бири саналади. Унинг аҳамиятини чуқур англаш ва тарихий адолатни тиклаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

 

Туркистон мухторияти 1917 йил 27 ноябрда Қўқон шаҳрида ташкил этилган бўлиб, атиги 72 кун фаолият юритганига қарамай, у миллий давлатчиликни барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

 

Мухторият асосчилари сафида Туркистон халқларининг забардаст ва маърифатпарвар фарзандлари – Мустафо Чўқай, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Муҳаммаджон Тинишбоев ва Ислом Султон Шоаҳмедов каби илғор зиёлилар бор эди. Улар халқни маърифатли қилиш, миллий давлатчиликни тиклаш ва замонавий тараққиёт йўлига кириш учун астойдил курашганлар.

 

Лойиҳа бир нечта босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқич Туркистон мухториятининг ўзбек давлатчилиги тарихида тутган ўрнини очиб беришга қаратилади. Бу босқич доирасида туркум контентлар – тарихий фактлар, таҳлилий материаллар, интервьюлар, мақолалар ҳамда визуал материаллар асосида ҳужжатли фильм тайёрланади. Ушбу фильм орқали Туркистон мухториятининг сиёсий, ижтимоий ва маданий аҳамияти кенг жамоатчиликка етказилади.