Буюк Британия билан ҳамкорлик: “Ислом дунёси атласи” лойиҳасида ўзбекистонлик олимлар иштирок этади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Буюк Британияга етиб борди.

 

Делегация вакилларининг илк учрашуви Лондондан 50 километр узоқликдаги Оксфорд шаҳрида кечди. Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Фархан Низомий Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг стратегик ҳамкорларидан саналади. Фархан Низомий 2024 йилнинг октябрида Тошкентда ўтказилган Халқаро маданий мерос ҳафталигида иштирок этиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишган эди.

 

2024 йил декабрь ойида марказ делегациясининг Буюк Британияга сафари давомида Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

 

Бу галги учрашувда мазкур меморандум доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Ислом тадқиқотлари маркази томонидан амалга оширилаётган “Ислом дунёси атласи” лойиҳаси, бу борада ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.

 

“Бу лойиҳамизда икки миллиардга яқин одамни ўзида бирлаштирган мусулмон оламининг тарихи, ислом олимларининг илм-фанга қўшган ҳиссаси, халқларимизнинг маданияти ва қадриятлари акс этади. Бу борада ҳамкорликда қиладиган ишларимиз кўп. Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломалар жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган. Лойиҳамизнинг Ўзбекистонга оид қисмида ана шу бой маънавий мерос халқаро миқёсда тақдим этилади”, — дейди Фархан Низомий.

 

Лойиҳа доирасида жорий йилнинг май ойида ўзбекистонлик тарихчи ва шарқшунос олимлардан иборат делегация ҳамкорликда ишлаш учун Оксфордга таклиф қилинди.