Ўзбекистондаги мегалойиҳа учун олимлар билан 100 га яқин шартномалар имзоланди

Шу кунларда Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида “аждодларимизнинг  дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш” учун 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бир мақсад учун ҳаракат қилишмоқда.

 

 

Улар марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 10 та йўналишда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.

 

 

Эслатиб ўтамиз: жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш ишлари якуний босқичга етган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, жараён билан танишган эди. Президент ташрифидан сўнг берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида март ойида Марказ Васийлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган.  Васийлик Кенгаши раиси – Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтган кенгайтирилган йиғилишда Марказ экспозициясини бойитиш, илмий ва инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш ҳамда ижтимоий-маърифий ва илмий-амалий маскан сифатидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.

 

 

Ушбу йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб сентябрда очилиши кутилаётган Марказда Махсус штаб фаолият юритаётган бўлиб, 10 та йўналиш бўйича Ишчи гуруҳлар муҳокамалар ўтказиб келмоқда.

 

 

Аллақачон Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясидан ўрин оладиган, Илмий кенгаш йиғилишларида муҳокама қилиниб, маъқулланган лойиҳалар бўйича шартномалар имзоланмоқда. Маъқулланган лойиҳалар доирасида шартнома имзолаган олимлар бундай хайрли ишга ҳисса қўшаётганидан мамнунлигини билдирмоқда.

 

Гулором МАШАРИПОВА, фалсафа фанлари доктори, профессор:

– Шартномалар имзоланди, ишонч билдирилди ва рўйхатдан ўтказилди. Энди асосий мақсадимиз фақат олға ишлаш ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда вазифани рисоладагидек бажаришдир. Бу ишончни оқлашга, берилган вазифани ортиғи билан бажаришга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитишга оз бўлса-да ҳиссамизни қўша олсак,  ўзимизни бахтиёр ҳис қиламиз.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган Махсус штаб таҳлилларига кўра, айни кунда Ўзбекистондаги мегалойиҳа  контентини бойитиш доирасида олимлар билан 100 га яқин шартномалар имзоланган ва бу жараён давом этмоқда.