Алишер Усмонов ҳадя қилган салкам 5000 та китоб Марказ кутубхонасидан жой олади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасидан Алишер Усмoнов ҳадя қилган китоблар ўрин олади. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида маълум қилди.
Алишер Усмонов томонидан 5000 га яқин китоблар 2020 йилда марказга ҳадя этилган. Айни вақтда китоблар Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида вақтинча сақланиб турибди.
"Ушбу китоблар орасида турли шаклдаги ва турфа жанрлардаги китоблар мавжуд. Бошқа кутубхоналардан фарқли ўлароқ Марказ кутубхонасида китоблар очиқ фондларда сақланади. Жавонларда ҳам ойналар бўлмайди. Китоблардан китобхонлар бемалол фойдалана олади. Бу ерда китобхон ўз-ўзига хизмат кўрсатади. Кутубхонада нодир китоблар бўлиши кўзда тутилмоқда. Улардан фойдаланишда ҳам бирор бир чеклов қўйилмайди. Китоблар муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни бактериялардан ҳимоя қилувчи махсус ускуналар ўрнатилади. Кутубхонанинг босма фонди 30 минг, электрон фонди 350 минг китобдан иборат бўлади. Бундан ташқари, ҳали фонд тасарруфига киритиладиган китоблар мавжуд. Марказ кутубхонаси қошида биринчи маротаба тор ихтисослик йўналишида манбашунослик ўқув курси йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Марказ кутубхонаси фондидан Луи Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали китоблар ва аудио китоблар ўрин олади. Кутубхона кенг қамровли, замонавий, шу билан бирга хорижий меҳмонларга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда", — деди Умида Тешабоева.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
