Италиялик мутахассислар билан ҳамкорлик давом этмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизациси марказида италиялик машҳур ношир, шарқшунос олим Сандро Тети, “Magister Art” компанияси раҳбари Ренато Саппорито билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов иштирок этди. Мулоқотда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини жиҳозлаш, экспозициялар учун зарур витриналар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.
Мулоқотда жорий йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши маросимига тайёргарлик кўриш, шу билан бирга жорий йилнинг сентябрь ойида бу ерда Ўзбекистон маданий меросига оид халқаро кўргазма ташкил этиш учун барча имкониятларни ишга солиш лозимлиги таъкидланди.
— Бизнинг компаниямиз дунёдаги энг йирик музейлар, кутубхоналар, йирик маданий муассасаларни лойиҳалаш ва жиҳозлш бўйича ҳамкорлик қилиб келади, — деди “Magister Art” компанияси раҳбари Ренато Саппорито. — Мен Ўзбекистоннинг бой тарих ва улкан маданий меросга эга мамлакатлардан бири сифатида биламан. Халқингизга, маданиятингизга улкан қизиқиш билан қарайман. Ўйлайманки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ишга тушириш борасидаги ҳамкорлигимиз ҳам ана шу улкан меросни янада кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутади”.
Magister Art компанияси Италиядаги йирик музейлар учун жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания бўлиб, у билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг жорий йил февраль ойида ушбу мамлакатга амалга оширган хизмат сафарида дастлабки келишувларга эришилган.
Сандро Тети ҳам узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиб келади. Жорий йилда унинг раҳбарлигидаги Sandro Teti Editore нашриётида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари италян тилида нашр қилинди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
