Қуръон зали концепциясини янада мукаммаллаштириш масалалари кўриб чиқилди

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Қуръон залини экспонатлар билан бойитиш, экспозицияни ташкил этиш ҳамда режалаштирилган лойиҳалар юзасидан якуний таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди.

 

Маълумки, давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган мазкур марказда Қуръон зали алоҳида концепцияга эга бўлади. Ҳозирда уни мазмунан бойитиш, экспонатларни танлаш ва замонавий технологиялар орқали намойиш қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

 

Қуръон залида Ўзбекистон тарихига бевосита алоқадор 114 та ноёб қўлёзма Қуръон нусхаси жамланади. Улар орасида Ислом оламида муқаддас саналган Ҳазрати Усмон Қуръони, VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони, шунингдек, турли тарихий даврларда юртда кўчирилган ёки асраб келинган қимматли қўлёзмалар мавжуд.

 

Йиғилишда залда мультимедиа маҳсулотлари — виртуал экспозициялар, интерактив экранлар, аудиогидлар ва бошқа замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу ташриф буюрувчиларга Қуръон нусхаларининг тарихий ва маданий аҳамиятини чуқурроқ англаш имконини беради.

 

Якуний қарорлар асосида Қуръон залининг контсепцияси янада такомиллаштирилади ҳамда уни халқаро миқёсда ноёб илмий-маърифий масканга айлантириш чоралари кўрилади.