“Исломдан аввалги давр”да: Амударё ёқалаб, пахтазор оралаб самовий отлардан баҳра олиш мумкин
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Исломдан аввалги давр" бўлимининг дизайни ва умумий кўриниши муҳокама этилди. Учрашув аввалида Синан Тураман бошчилигидаги “Outdoor Factory” компанияси жамоаси бўлим бўйича лойиҳасини тақдимот қилди. Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоиловалар бўлимни бойитиш бўйича қўшимча фикрлар билдириб ўтди.
— Туркиянинг етакчи компанияларидан бири “Outdoor Factory” жамоаси бўлимни бойитиш учун хронологик, тадрижий, шаҳарсозлик масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Кичик жойда катта илмий майдон яратишга ҳаракат қилмоқда. Бу бўлим орқали ўтмишимизга тўғри баҳо бера олсак, ундаги натижаларимизни кўрсатсак, бу бизнинг ютуғимиз бўлади. Бунда компания вакиллари ўша даврни мукаммал ўрганмоқда. Бугун билдириб ўтган таклифларимизни илмий-ижодий фаолиятга тадбиқ этсак, янада мукаммаллик касб этади — деди Марказ раҳбари.
Учрашувда маълум қилинишича, “Исломдан аввалги давр”да қадимги Окс яъни Амударёнинг мавжланиб оқаётган шакли намоён бўлади. Унда қайиқлар, сув тўлқинлари томошабинга улкан дарёни ҳис қилиш имконини беради. Ипак йўли бўйлаб пахта далалари, тутзорлар ва ипакдан мато олиш техникалари ва либосларни тикиш ускуналари намойиш этилади. Шунингдек, бўлимда Узундарадаги шаҳарсозлик, Хоразмдаги сув иншоотлари интерактив тарзда намоён этилади. Фарғонанинг самовий отлари макетлари ва 3D формати бўлимга ўзгача кўрк қўшиши кутилмоқда.
— Даврни ўрганиш жараёнларида кўплаб қизиқ маълумотларга дуч келдик. Бу бизни ҳайратга солди. Изланишиларимиз маҳсулини бўлимда намоён этсак, ташриф буюрган ҳар бир киши биз истаган ҳайратни ўзида ҳис қилади. Узундарадаги илк цивилизацион жараёнлар, қадимги Сўғд, Бақтрия ихтиролари шахсан мени лол қолдирди. Фарғонанинг самовий отлари, ипакчилик, пахтачилик тарихини ўрганиб, Ўзбекистон тарихи бой ва такрорланмас эканлигига амин бўлдим. Биз экспозицияда шуларни акс эттирмоқчимиз, — дея фикр билдирди “Outdoor Factory” компанияси раҳбари.
Учрашув сўнгида тақдимот бойитилиб, маҳаллий олимлар билан маслаҳатлашган ҳолда амалий жараёнларга киришиш келишиб олинди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
