Ўзбекистон тарихи давлат музейи Марказга 100дан ортиқ экспонат тақдим этади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш борасида республика бўйлаб илмий экспедиция Ишчи гуруҳлари фаолият юритмоқда. Экспедиция натижаларига кўра, моддий ашёлар олимлар томонидан кенг муҳокама этилиб, Марказ экспозициясига тадбиқ этиш масалалари кўрилмоқда.
Марказ томонидан тузилган Ишчи гуруҳ Ўзбекистон тарихи давлат музейида бўлиб, у ердаги нодир экспонатлар билан танишди. Дастлаб Ишчи гуруҳ Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова билан музокара олиб борди. Учрашув доирасида музей раҳбарияти томонидан Ислом цивилизацияси марказига беғараз тарзда тақдим этилаётган ноёб экспонатлар рўйхати тақдим қилинди. Маълум қилинишича, умумий ҳисобда 100дан ортиқ экспонат марказга берилади.
— Экспедиция доирасида қадимий даврларга оид ашёлар, сопол буюмлар, ибодатхона буюмлари ва бошқа артефактлар аниқланди. Нумизматика йўналишида турли даврларга мансуб тангалар, пул бирликлари, молиявий белгилар, шунингдек, ўзбек халқининг урф-одатлари, турмуш тарзини акс эттирувчи буюмлар, миллий либослар ва асбоб-ускуналар қайд этилди — деди ИЦМ катта илмий ходими Алишер Эгамов.
Ишчи гуруҳ музей экспозицияларининг жойлашуви, уларнинг мавзувий гуруҳларга ажратилиши, кўргазма дизайни ва ёритилиш тизими билан яқиндан танишди. Бу жараёнда илғор музейшунослик тажрибалари асосида амалга оширилган ўзгаришлар, замонавий технологиялар асосида яратилган интерактив элементларга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, Ишчи гуруҳ музей фондида сақланаётган бошқа ноёб ашёлар – қадимий ҳужжатлар, қўлёзмалар, ҳайкалтарошлик намуналари билан танишишди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
