Марказ кутубхонаси хорижий меҳмонларга ҳам хизмат кўрсатади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасини ташкил этиш ва илмий-инновацион медиалойиҳаларни амалга тадбиқ қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда соҳа вакиллари, Марказнинг лойиҳалар учун масъул ходимлари иштирок этди.  

 

 

Йиғилишда Марказ илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Гулнора Ғаниева йиғилганларга илмий-инновацион  медиалойиҳаларни тоифалаш тизими ва уни расмийлаштириш бўйича тушунчалар бериб ўтди:

 — Кутубхона бўлими марказнинг юзи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам масъулиятли, ҳам савобли иш бошида турибмиз. Марказ чинакам маърифий маскан, қолаверса, ўтмиш ва бугунни боғлайдиган зиё манзили бўлиб қолади. Бунда ўз лойиҳалари билан иштирок этаётган соҳа вакилларининг ҳиссаси катта. 

 

 

Йиғилишда таъкидланишича, Марказ кутубхонаси интерьер ва хизмат сифати жиҳатидан жаҳон стандартларига ҳамоҳанг бўлади. Бунда китобхонлар учун барча қулайликларни яратиш мақсадида хорижий мутахассислар билан музокаралар олиб борилмоқда. Айни вақтда кутубхона бўлимида 26 та илмий-инновацион лойиҳа устида иш олиб бориляпти. Биринчи босқичда 15 та илмий-инновацион лойиҳа амалга тадбиқ этилмоқда.  Кутубхона бир вақтнинг ўзида 226 нафар китобхонга хизмат кўрсата оладиган, 125 мингга яқин китоб фондига эга электрон кутубхона тизими яратилиши кўзда тутилган. Марказ кутубхонаси қошида  биринчи маротаба тор ихтисослик йўналишида манбашунослик  ўқув курси йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Марказ кутубхонаси фондидан Луи Брайль ёзувидаги бўртма нуқтали китоблар ва аудио китоблар ўрин олади. Кутубхона кенг қамровли, замонавий шу билан бирга хорижий меҳмонларга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. 

 

 

Биз мутахассислар билан фикрлашган ҳолда бўлимдаги илмий-инновацион лойиҳаларни уч босқичда амалга оширишда нималарга аҳамият қаратиш кераклигини келишиб олдик. Ҳозирда 15 та лойиҳани марказ очилгунига қадар амалга тадбиқ этамиз. Ишлар қизғин, ҳар куни янги таклифлар, қизиқ музокаралар, янги ғоялар туғиляпти, — деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Насиба Холдорова. 

 

 

Куннинг иккинчи қисмида кутубхона вакиллари  Россиянинг "Анталекс" компанияси мутахассислари билан учрашув ўтказди.  Ушбу компания йирик музейлар, маданият муассасалари учун аудио ва видеоматериаллар тайёрлаб бериш билан шуғулланади. Маълумки, марказ кутубхонаси учун  ҳам маҳаллий ва хорижий аудиторияга мўлжалланган аудио ва видеоконтентлар яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Мазкур учрашувда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева ва компания вакиллари, соҳа ходимлари кутубхона учун зарур манбалар, аудио контентлар тайёрлашда нималарга аҳамият қаратиш кераклиги ҳақида фикрлар алмашишди. Шунингдек, компания вакиллари ўз фаолияти ва кутубхона йўналишидаги лойиҳалар бўйича тақдимот қилди.