Янги фармон – диний-маърифий ислоҳотларда яна бир муҳим босқич

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ушбу Фармон мамлакатда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, маънавий муҳитни соғломлаштириш ва диний таълимни замонавий асосда ташкил этишда янги даврни бошлаб беради. Фармоннинг асосий мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳада миллий меросга таянилган ҳолда изчил ислоҳотларни амалга ошириш, ёш авлодни Ватанга садоқат, бағрикенглик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашдир. 

 

Фармонда қуйидаги асосий устувор йўналишлар белгилаб берилган:

•  Тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган миллий диний меросни чуқур ўрганиш;
•  Диний кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан янгилаш;
•  Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;
•  Халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
•  Диний-маърифий ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи янги тизим яратиш.

 

Шунингдек, Фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали” ва унинг мобиль иловаси ишлаб чиқилиб, фойдаланишга топширилади. Бу рақамли платформа зиёратчилар учун шаффоф, тезкор ва қулай хизматларни тақдим этиш билан бирга, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этади. Портал орқали фуқароларнинг иштирокини рўйхатдан ўтказиш, хизматларни тақсимлаш ва назорат қилишнинг ягона электрон тизими шакллантирилади.

 

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси энди “Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси” деб номланди. У замонавий исломшунослик, манбашунослик, диншунослик, диний психология ва ислом иқтисодиёти соҳаларида мутахассислар тайёрлаш марказига айланади. Академия таълим жараёнида илғор педагогик технологиялар, халқаро ҳамкорлик ва хорижий тажриба элементларини жорий этиш орқали академик ва амалий тадқиқотларни фаоллаштиради. Шунингдек, ушбу Академия ҳузуридаги малака ошириш маркази Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтига айлантирилади.

 

Президент фармонига мувофиқ, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллалар уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида янги ҳамкорлик механизми жорий этилади. Ушбу ҳамкорлик “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида фаолият юритади. Бу тизим жамиятда бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва виждон эркинлигини кафолатлашда муҳим ўрин тутади.

 

Бундан ташқари, фармонда диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш белгиланди. 

 

Мазкур Президент фармони мамлакатимизда диний-маърифий соҳани замонавий талабларга мос равишда янгилаш, жамиятда маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш ва глобал таҳдидларга илм-маърифат орқали жавоб бериш сингари муҳим вазифаларни амалга оширишда ҳуқуқий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади.