"Ислом цивилизацияси маркази очилишида иштирок этишга тайёрмиз" — Мамдуҳ Осман
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида Саудия Арабистони Ислом санъати музейи директори Мамдуҳ Осман билан онлайн мулоқот ташкил этилди.
Йиғилишда кенгаш аъзолари, ишчи гуруҳ раҳбарлари, жумладан, ЎзФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, академик Акбар Ҳакимов ҳамда Марказ раҳбарияти ва ходимлар иштирок этишди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибидаги масалалари доирасида хориж музейларининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа экспозициясини бойитишда ўз экспонатлари билан қатнашишига алоҳида урғу берилди.
Саудия Арабистони Ислом санъати музейи директори Мамдуҳ Осман билан бўлган онлайн мулоқотда шу каби масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида Мамдуҳ Осман Марказ очилиши яқинлашаётгани ҳамда ишлар жадал олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади ва кенгаш йиғилиши қатнашчиларига ўз табригини йўллади.
Саудия Арабистони Ислом санъати музейи директори музейда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид ноёб ва нодир дурдоналарнинг Марказ очилишида тақдим этилишини сўзсиз таъминланиши ҳақида гапирди.
"Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан узоқ йиллик дўстона алоқаларга эгамиз. Шуни фахр билан айта оламанки, Саудия Арабистони Ислом санъати музейида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид бир қатор экспонатлар, қўлёзмалар, артефактлар ҳамда шу каби ноёб ашёларни Марказ очилишига олиб боришга ва кўргазмада иштирок этишга тайёрмиз. Очилиш маросимидан кейин ҳам биз ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича бир қатор келишувларга эришамиз, деган умиддаман", — деди музей директори.
Кенгаш аъзолари Мамдуҳ Осман томонидан билдирилган ташаббусни қўллаб-қувватлаб, илиқ кутиб олишди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
