Сурхон воҳасидаги топилмалар Ўзбекистондаги мегалойиҳа экспозициясидан ўрин олади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш мақсадида вилоятлардаги музей, кутубхона ва қўлёзма фондларини ўрганиш бўйича илмий экспедициялар йўлга қўйилди. Бу ишлар Ўзбекистон Президентининг 29 январда Марказга ташрифи доирасида берган топшириқлари ва Бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган 26-сонли баён ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

 

 

Экспедиция гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги фаолияти давомида қадимий даврларга оид 50 дан ортиқ ноёб артефактлар аниқланди. Улар орасида Шеробод тумани Жарқўтон манзилгоҳидан топилган, эрамиздан аввалги ХV–XIII асрларга оид сопол идиш ҳам бор.

 

 

Шунингдек, эрамизнинг VII–IX асрига тегишли, бўйин қисмида ўша даврга хос нақш ва тамға туширилган сопол идиш топилди. Тадқиқотчилар ушбу белгилар ўша даврда ҳукмронлик қилган сулолалар муҳри бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

 

 

Энг эътиборли топилмалардан бири — Оқзаранг дарёсининг ўнг қирғоғидан аниқланган, ХVII–XVIII асрларга тегишли сопол хумдир. Унинг ичида тўқимачилик учун мўлжалланган бўёқ қолдиқлари мавжуд бўлиб, бу юртимизда ўша даврда тўқимачилик ва бўёқчилик ривожланганини исботлайди.

 

Аниқланган ушбу тарихий ашёлар Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш, ёш авлодни аждодлар ҳаёти ва меъроси билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.