Илмий кенгаш йиғилиши: Янги экспозициялар, тарихий контентлар ва артефактлар юзасидан муҳим қарорлар қабул қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кенгайтирилган Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, Ишчи гуруҳ раҳбарлари, жумладан, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, ЎзФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунос олима Камола Акилова, академик Акбар Ҳакимов ҳамда Марказ раҳбарияти ва ходимлар иштирок этди. Кенгаш йиғилишида Марказ экспозициясининг 4 та йўналишлари – Қуръони карим зали бўлими, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи Ренессанс даври, Иккинчи Ренессанс ва Ўзбек хонликлари даври бўлимлари “Иш режаси” тақдимотлари муҳокама этилди.
Маълумки, жорий йилнинг 29 январида Президент Шавкат Мирзиёев Марказга ташриф буюриб, экспозициялар билан танишиш давомида масъулларга зарур кўрсатмалар берган эди. Шуни инобатга олган ҳолда илмий кенгаш аъзолари Марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Марказ директори, Илмий кенгаш раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги йиғилиш қизғин мунозара ва муҳокамалар остида ўтди.
"Марказни бойитиш доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятлилик даражаси инобатга олиниб, улар уч босқичда амалга оширилмоқда. Олдимизда катта ва масъулиятли иш турибди. Ҳар бир бўлим раҳбаридан марказ учун тақдим этилган манбаларнинг аниқ ва тарихий ҳақиқатларга асосланган маълумотларни тақдим этиш сўралади. Тасдиқланган маълумотлар 7 та тилга таржима қилинади. Бу бўйича таржималар билан ишлайдиган тажрибали компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Тайёр контентлар википедияни янада бойитиш мақсадида тақдим этилади", – деди марказ директори.
Жараёнда “Sila sveta” компанияси директори Александр Ус “Янги Ўзбекистон - Янги Ренессанс” бўлимининг таркибий қисмлари, экспозиция дизайни ва ундан ўрин оладиган артефактлар ҳамда медиа контентлари ҳақида онлайн тақдимот қилди. Тақдимот юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
"Марказ экспозициясини янада жозибадор бўлиши йўлида жамоавий меҳнат қиляпмиз. Ўйлайманки, Марказ очилгандан сўнг бизнинг ишимиз ташриф буюрувчиларга манзур бўлади. Маҳаллий олимлар, тарихчилар билан маслаҳатлашган ҳолда лойиҳа доирасида кўплаб янгиликлар қилдик. Бўлим том маънода марказнинг ташриф қоғози бўлади, дея тўғри баҳоланмоқда. Тасаввур қилиш учун айтаман, бўлимда Ўзбекистоннинг тарихий мафтункор шаҳарларининг макетлари жой олади, ўзбек алломаларининг ихтиролари акс эттирилади. Дрон ва аудиоёзувли шоулар ўтказилади. Лойиҳаларда замонавийлик акс эттирилади, ҳар бир дастур жаҳон стандартлари асосида амалга оширилади", – деди Александ Ус.
"Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозицияси бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова бўлим доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Шунингдек, тақдимотида махсус ишчи гуруҳ мамлакатимиз ва хориждаги музей ва кутубхоналардан келтирилиши керак бўлган артефактлар рўйхатини тақдим этди.
"Бўлимда ишлар қизғин давом этмоқда. Марказни артефактлар билан бойитиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Янги ашёлар топиляпти, маҳаллий ва хорижий музейларни тадқиқ этаётганимизда бизнинг тарихимизга оид кўплаб янгиликларга дуч келяпмиз. Ишларимиз Марказ очилгандан кейин тўхтаб қолмайди. Жараёнлар кейинчалик ҳам узвий давом этади. Бўлимдаги “Вақт девори” муҳим лойиҳа ҳисобланади. Унда вақт хронологияси–тарихий асосланган хронология бўлади. Бўлимдаги ҳар бир ашё маълумотлари илова қилинади. Улар бўйича энг тўғри маълумотлар википедия учун тавсия этилади", – деди Жаннат Исмоилова.
“Биринчи Ренессанс даври” бўлимида ҳам ишлар қизғин амалга оширилмоқда. Бўлимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тарих фанлари доктори, профессор Сурайё Каримова тақдимоти тингланди.
"Бўлимда мавзулар аҳамиятлилик жиҳатлари инобатга олинган ҳолда белгиланганидек давом этяпти. Олдимизда қатор вазифалар турибди. Терминология масалаларига алоҳида аҳамият бериш керак деб ўйлайман. Йўналишимизга оид ҳар бир экспонат, моддий ашё ва тарихий шахсларнинг номларини матнларда тўғри акс этилишини таъминлашимиз керак. Бу бўйича махсус ишчи гуруҳ тузганмиз, улар билан биргаликда ўзбек ва рус тилида аниқ маълумотларни тайёрлаб берамиз", – деди Сурайё Каримова.
"Бўлимга ташриф буюрганлар ўзини Маъмун академиясига кириб қолгандек ҳис қилади. Биз ўша даврнинг илм-фани ривожини тўлақонли кўрсатиш мақсадида бўлимнинг марказий улкан экспонати Маъмун академияси макети танланган. Шунинг учун ҳам бўлимда Маъмун академияси билан ҳамкорлик алоқалари узилиб қолмаслиги керак. Масъуллар Хоразмда туриб эмас, шу ерда ёнимизда елкама-елка фаолият олиб борса ишимизда янада унум бўларди. Яна бир нарсани инобатга олишимиз керак, жараёнларда хатлов тизимига ҳам алоҳида аҳамият қаратишимиз керак. Яъни, Марказ учун нималар тайёр, яна нималарни жалб қилиш керак, бу муҳим", – деди Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов.
Шунингдек, йиғилишда Марказга гидлар жамоаси жалб қилиниши, улар мутахассислар томонидан ўқув курсларида ўқитилиши маълум қилинди. Йиғилиш сўнгида, тақдимотлар тасдиқланди.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш масалаларига сўнгги бир ой ичида 200 дан ортиқ маҳаллий олимлар жалб қилинган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар устида ишларни амалга ошириш учун ҳисоб-китоблар бўйича 3000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар биргаликда иш олиб бориши кераклиги қайд этилди. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
