ИЦМ экспозициясидан Ўзбекистоннинг тарихий ва мафтункор шаҳарларининг макетлари жой олади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кенгайтирилган Илмий кенгашнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, Ишчи гуруҳ раҳбарлари жумладан, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, ЎзРФА вице президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунос олима Камола Акилова, академик Акбар Ҳакимов ва бошқа олимлар ҳамда Марказ раҳбарияти ва ходимлар иштирок этди.
Илмий кенгаш муҳокамаси
Кенгаш муҳокамасида Марказ экспозициясининг 4 та йўналиши – "Қуръони карим" зали, "Исломдан аввалги давр цивилизациялари", "Биринчи Ренессанс даври", "Иккинчи Ренессанс даври" ва "Ўзбек хонликлари" бўлимлари Иш режаси тақдимотлари муҳокама этилди.
Кенгаш учрашувини Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов кириш сўз билан очиб берди:
— Марказни бойитиш доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар уч босқичда амалга оширилмоқда. Олдимизда катта ва масъулиятли иш турибди. Ҳар бир бўлим раҳбаридан марказ учун тақдим этилган манбаларнинг аниқ ва тарихий ҳақиқатларга асосланганини таъминлаш сўралади. Маълумотлар 7 тилга таржима қилинади. Бу бўйича тажрибали компаниялар билан ҳамкорлик масалалари кўрилмоқда. Википедиядаги тарихий маълумотларни янада бойитишга ҳисса қўшишни ҳам режалаштирганмиз – деди Марказ раҳбари.
“Sila sveta” компанияси вакили
Жараёнда “Sila sveta” компанияси директори Александр Ус "Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс" бўлимининг таркибий қисмлари, экспозиция дизайни ва ундан ўрин оладиган артефактлар ҳамда медиа контентлар ҳақида онлайн тақдимот қилди. Тақдимот юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
“Sila sveta” компанияси
— Марказ очилгандан сўнг бизнинг ишимиз ташриф буюрувчиларга манзур бўлади, деб умид қиламан. Маҳаллий олимлар, тарихчилар билан маслаҳатлашган ҳолда лойиҳа доирасида кўплаб янгиликлар қилдик. Бўлим том маънода марказнинг ташриф қоғози бўлади, дея тўғри баҳоланмоқда. Тасаввур қилиш учун айтаман, бўлимда Ўзбекистоннинг тарихий ва мафтункор шаҳарларининг макетлари жой олади, ўзбек алломаларининг ихтиролари акс эттирилади. Дрон ва аудиоёзувли шоулар ўтказилади. Лойиҳаларда замонавийлик акс эттирилади, ҳар бир дастур жаҳон стандартлари асосида амалга оширилади, — деди Александр Ус.
Шунингдек, йиғилишда “Исломдан аввалги давр цивилизациялари”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври” бўлим раҳбарлари ва масъуллари лойиҳалар доирасида қилинаётган ишлар бўйича тақдимот қилди. Маълум қилинишича, Марказга гидлар жамоаси жалб қилиниши, улар мутахассислар томонидан ўқув курсларида ўқитилиши маълум қилинди. Учрашув сўнггида тақдимотлар Илмий кенгаш аъзолари томонидан яна бир бор муҳокама қилиниб, тасдиқланди.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш масалаларига сўнгги бир ой ичида 200 дан ортиқ маҳаллий олимлар жалб қилинган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар устида ишларни амалга ошириш учун 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар биргаликда иш олиб бориши кераклиги қайд этилди. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
