Тарихдан сўзловчи медиалойиҳа: Жадидларнинг ўзбек миллий матбуотига асос солиши
Ўзбек халқининг бой маданий мероси, маърифатпарварлик анъаналари ва матбуот соҳасидаги илк қадамлари бугунги кунда нафақат тарихий хотира, балки замонавий тараққиётимизнинг мустаҳкам таянчи сифатида қаралмоқда. Шу боис, Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Жадидларнинг ўзбек миллий матбуотига асос солиши (1906–1918 йиллар)” номли янги медиалойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичи жадид матбуоти тарихига бағишланади. Бу давр ўзбек миллий матбуотининг шаклланиши, жамиятда уйғониш ғояларининг ёйилиши ва халқни илм-маърифат сари етаклаш йўлидаги дастлабки ҳаракатлар билан ажралиб туради. Айнан мана шу босқичда тарихий манбалар асосида тайёрланадиган махсус видеофильм ишлаб чиқилади ва Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси таркибига киритилади.
Ушбу видеофильмда 1906–1918 йиллар оралиғида фаолият юритган “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Ҳуррият”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона” каби газеталар, уларнинг ғоявий йўналиши, маърифий ва сиёсий аҳамияти, шунингдек, жадид зиёлиларининг матбуот орқали халқни уйғотишга бўлган интилиши кенг ёритилади. Фильмда замонавий технологиялар, тарихий фотосуратлар, архив ҳужжатлари ва мутахассислар изоҳи асосида бой тасвирий ва ахборий материаллар тақдим этилиши кўзда тутилган.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
