Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказ

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илгари тарихимизда бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир.


Ушбу мажмуа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни Марказ пойдеворига тамал тоши қўйилган.


Марказ лойиҳасини амалга оширишда юзлаб олимлар, экспертлар, дин ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда.


Пойтахтнинг тарихий Қорасарой кўчасида, ўрта асрлар Самарқанд-Ҳирот меъморчилик услубида қад ростлаган Марказ биноси 10 гектарга яқин майдонда жойлашган. Марказ биносининг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар бунёд этилган, ўртада 65 метрли маҳобатли гумбаз қурилган. Марказ биноси тарихий обидаларга уйғун шаклда бунёд этилган. Гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ўзаро уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган. 


Ислом цивилизацияси маркази қуйидаги таркибий қисмлардан иборат: илмий-тадқиқот бўлимлари, нодир қўлёзмалар миллий реестрини юритиш бўлими, қўлёзмалар фонди, кутубхона ва архивлар, халқаро бўлим, зиёрат туризми, манбашунослик ва нашриёт фаолияти бўлимлари.


Марказ биносида маълумотларни рақамлаштириш ва реставрация лабораториялари, устахоналар, артефактлар ва қўлёзмалар учун изоляторлар, қўлёзмалар ва қимматли нашрларни таржима қилиш ва кодлаш бўлимлари, музей экспонатлари ва нодир қўлёзмалар фонди жойлашади.


Биринчи қаватда 15 000 квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазма-галерея жойлашади. Унда турли тарихий даврларга оид буюмлар ва артефактлар намойиш этилиб, аждодларимизнинг ижодий салоҳияти замонавий технологиялар ва рақамли қурилмалар ёрдамида ёритилади.


Иккинчи қаватда эса 100 000 дона қўлёзма ва литография, бир миллиондан ортиқ китобларни ўз ичига олган улкан кутубхона жойлашади. Шунингдек, мазкур қаватда Ислом цивилизацияси марказининг илмий бўлими ва халқаро ташкилотларнинг офислари ҳам жойлашади.

 

Марказнинг музей экспозицияси “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон – XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори”, “Қуръони карим” залларидан иборат бўлади. Ушбу бўлимлар юртимиздаги цивилизация ривожланишининг турли даврларини акс эттиради. 


Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилади. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилади. Абу Ҳафси Кабир, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абул-Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилади.

 

Мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топади. Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат бўлиб хизмат қилади.


Экспозициянинг энг марказида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида яратилган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Қуръоннинг жаҳондаги энг нодир қўлёзмаларидан намуналар ҳам ўрин олади. Булардан ташқари, бир қатор диний-маърифий ва инновацион медиа лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда.


«Вақт капсуласи» ташриф буюрувчилар келажак авлодларга хабарлар қолдирадиган интерактив лойиҳага айланади. Унда меҳмонлар ўз фикр-истакларини келгуси авлодларга етказиш имкониятига эга бўладилар. 


«Вақт девори» улкан мультимедиа панели бўлиб, унда голография, инсталляциялар ва проекцион технологиялар ёрдамида турли даврларнинг муҳим тарихий босқичлари, буюк кашфиётлари ва машҳур шахслари жонлантирилади.


Ушбу технологик ечимлар ташриф буюрувчиларни экспозиция билан таништирибгина қолмай, балки уларни асрлар оша қизиқарли саёҳатга юбориш имконини яратади.

 

Марказ томонидан қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО билан ҳамкорлик ўрнатилди. 2024 йил августда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” мавзусидаги VIII халқаро конгресс ўтказилди. Унда 40 яқин мамлакатлардан келган 400 дан зиёд хорижий олимлар қатнашиб, Марказ концепцияси бўйича қимматли таклиф ва тавсиялар билдирди.


Марказ экспозициясини шакллантиришда «Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар» тамойилига қатъий риоя қилиш кўзда тутилган. Анъанавий музей ёндашувидан фарқли равишда, Марказда ислом цивилизацияси музей экспонатлари билан эмас, балки ҳозирга қадар дунёдаги бирорта музей қўлланмаган ёндашув –– буюк шахслар ва уларнинг кашфиётлари орқали тақдим этилади. 


Марказ экспозициясини бойитиш мақсадида 800 дан ортиқ илмий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. 


Улар уч босқичда бажарилади:


▪️ Биринчи босқич – 2025 йил августгача,


▪️ Иккинчи босқич – 2025 йил декабргача,


▪️ Учинчи босқич – 2026 йил охиригача.


Лойиҳаларга 2000 нафар маҳаллий ва хорижий олимлар, тадқиқотчилар, 110 дан ортиқ ташкилот жалб этилган. Лойиҳаларни амалга оширишда 50 дан зиёд мамлакатдан 600 дан ортиқ халқаро экспертлар иштирок этмоқда.


Биринчи босқич учун 403 та лойиҳа танлаб олинди.


Бугунги кунда Марказ биносининг қурилиши якуний босқичга кирган.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маърифий ва диний-маънавий инфратузилманинг янги инновацион шаклини ўзида мужассам этган халқаро платформа бўлиб, унинг асосий вазифаси — буюк аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” ғоясини оммалаштириш ҳамда халқимизнинг ўтган давр ва Янги Ренессанс замонидаги ютуқларини чуқур тадқиқ қилишдан иборат.