ХIХ асрнинг нодир асарларидан бири: “Мажмуаи шоирон”

Таниқли адиб ва шоир Фазлий Намангоний ХIХ аср бошларида яшаб ижод қилган бўлиб, унинг “Мажмуаи шоирон” номли тўплами 1821 йилда ёзилган. Бу асар ўз даврининг адабий муҳитини, шеърият анъаналарини ва шоирнинг маънавий-эстетик қарашларини ўзида мужассам этган муҳим манба ҳисобланади.

 

Ислом цивилизацияси марказида ўзбек адабиётининг бебаҳо намуналаридан бири – Фазлий Намангонийнинг “Мажмуаи шоирон” асарини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида янги медиалойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

 

Мазкур медиалойиҳа ЎзР ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими, PhD Ойсара Мадалиева раҳбарлигида т.ф.д. Маҳмуд Ҳасаний ва ф.ф.д. А.Эркиновлар билан бирга амалга оширилади.. Тадқиқот давомида “Мажмуаи шоирон” асарининг адабий хусусиятлари, ундаги бадиий услуб ва Фазлийнинг ўзбек адабиётидаги ўрни чуқур ўрганилади.

 

Шунингдек, бу илмий изланишлар асосида замонавий медиа контентлар – видео, матнли материаллар тайёрланиб, кенг оммага тақдим этилади. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – Фазлий Намангонийга оид кўргазмали материаллар асосида Ислом цивилизацияси маркази музейида алоҳида экспозиция яратишдир. Ушбу ташаббус ўзбек адабий меросини чуқурроқ ўрганиш, уни оммалаштириш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Ислом цивилизацияси марказининг бу борадаги фаолияти тарих, маданият ва маънавиятимизнинг бой қатламларини замонавий услубда ёритишга хизмат қилади.