Ўзбекистондаги мегалойиҳада махсус Реставрация бўлими ташкил этилади
Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг қизғин баҳс-мунозаралар, кескин танқидий ва таҳлилий муносабатларга бой ўтган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида марказда Реставрация бўлими ташкил этилиши маълум қилинди.
Бу масъулиятли лойиҳа бўйича Россия Давлат Эрмитажи музейи бўлим бошлиғи Игорь Малкиель ўз тақдимотини намойиш этди. Қайд этилишича, Эрмитаж музейида сақланаётган Ўзбекистон маданияти ва тарихига оид экспонатларни марказ экспозициясига олиб келиш ва шу билан бирга Марказда махсус йирик лаборатория ташкил этилиши кутилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг жуда катта ва ўта муҳим ташаббуси бўлган Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияларини бойитиш каби масъулиятли вазифада ҳамкорлик қилаётганимдан мамнунман. Давлат раҳбарининг бу улкан ташаббуси айни пайтда дунё олимлари эътиборида ва чин дилдан қўллаб-қувватланмоқда.
Ана шундай юксак лойиҳада иштирок этишимизда бизга билдирилган ишонч учун аввал Президент Шавкат Мирзиёевга ва ҳамкорлик доирасида ишимизни қўллаб-қувватлаётган ҳукуматингизга, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, ходимларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бундай улкан лойиҳада иштирок этиб, ишончни оқлаш бугунги кунда асосий мақсадимиз ва бу борада чин дилдан ҳаракат қиляпмиз.
Шу ўринда айтиш жоизки, Эрмитажнинг лабораторияларни ташкил этишда юз йилдан ортиқ тажрибаси бор. Менимча, буларнинг барчаси айнан Ўзбекистонда бўлиши жуда муҳим. Таклиф этилган реставраторлар бўлган, аммо бу борада ўз мутахассислари бўлиши муҳимроқ. Биз лабораториянинг тузилишини бироз ўзгартиришни таклиф қилдик, чунки реставрация бўлимининг асосий қисми тадқиқот бўлими бўлишини режалаштирмоқдамиз. Бу лабораторияда физиклар, кимёгарлар, иқлимшунос ва микробиологлар фаолият юритади.
Дастлабки даврда, албатта, тезкор таҳлиллар учун жиҳозлар бўлиши керак, чунки таҳлил қиладиган жиҳозлар ҳозирча қимматроқ, лекин кейинги босқичда уларга ҳам ўтиш мумкин. Жами тўққизта лаборатория бўлади. Булар орасида фиксация учун фотолаборатория, сканерлаш ва моделлаштириш имкониятига эга 3D марказ ҳам бор. Бу ерда реставраторлар виртуал реставрация ва реконструкция билан шуғулланади.
Ўзбекистонда мавжуд деярли барча материаллар устида иш олиб борилади. Жумладан, гилам ва матолар, китоб ва қўлёзмалар, тош ва ҳайкаллар, металл ва тангалар ҳамда бошқа кўплаб йўналишлардаги ашёлар реставрация қилинади. Биз йўл харитасини туздик ва таклифлар киритдик. Энди Ислом цивилизацияси маркази танлови асосида кейинги ҳаракатлар белгиланади.
Табиийки, маслаҳатларга эҳтиёж бўлади. Зарурат туғилса, Эрмитаж онлайн ва офлайн тарзда маслаҳат бериб, жараёнда иштирок этиши мумкин. Бу жуда муҳим, чунки Ўзбекистонда кўплаб археологик экспедициялар ўтказилмоқда ва улардан олинган ашёларни айнан шу реставрация марказида тиклаш имконияти пайдо бўлади. Агар биз таклиф қилган кўринишда қурилса, Марказдаги Реставрация бўлими майдони тахминан минг квадрат метрни ташкил этади”, дейди Россия Давлат Эрмитажи музейи бўлим бошлиғи Игорь Малкиель.
Ko'p o'qilgan

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Кино соҳасидаги янги лойиҳалар тақдимоти

Aсрлар хазинаси: Ўзбекистон қўлёзмалари мероси
