“Вақт девори”да тарихий аниқликка алоҳида эътибор берилмоқда


🔴Маънавий мерос ҳақиқий қиёфасини топмоқда

 

🔴Хронология ва тарихий изчиллик асосий муҳим талаб 




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Вақт девори” экспозицияси нафақат визуал, балки маънавий ва илмий мазмун  касб этиши учун олимлар тинимсиз ҳаракат қилишяпти.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Вақт девори” экспозициясини такомиллаштириш ишлари изчил давом этмоқда. “Кашфиётлар, шахслар ва цивилизациялар девори” деб номланган ушбу бўлимда “Иккинчи Ренессанс” ва “Хонликлар даври” бўлимига оид тарихий материаллар қайта кўриб чиқилмоқда.



 

    Марказда ўтказилган муҳокама жараёнида тарихий маълумотларнинг аниқлиги ва мазмунни янада бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мунозараларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими, профессор Бахтиёр Каримов ҳамда Россиянинг “Планет 9” компанияси вакиллари иштирок этди.

 

    Профессор Бахтиёр Тўраев таъкидлаганидек, экспозицияда ўша даврдаги архитектура ва меъморий ютуқлар, санъат, адабиёт, фан ва маданият соҳасидаги катта ютуқларни алоҳида ва кўзга кўринарли тарзда акс эттириш зарур. Шунингдек, айрим меъморий ёдгорликларнинг хронологиясига эътиборли бўлиш таъкидланди. Масалан, Оқсарой аввал, Мирзо Улуғбек мадрасаси эса 1417–1420 йилларда қурилгани таъкидланиб, экспозицияда жойлаштиришда ана шу хронологияга асосланиши қайд этилди. 

 

    Муҳокамада, шунингдек, айрим даврлар билан боғлиқ йирик шахслар — Шайбонийхон, Бобур каби давлат арбоблари ва мутафаккирларнинг исмлари экспозицияда кўзга ташланадиган даражада ифода этилиши, яъни уларнинг номлари йирик шрифтларда ва диққатни тортадиган тарзда ёзилиши таклиф қилинди.

 

    Марказ мутахассисларига кўра, мазкур ўзгаришлар “Вақт девори”ни нафақат визуал жиҳатдан, балки маънавий ва илмий мазмун жиҳатдан ҳам янада бойитади.