Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини тарғиб этувчи янги экспозиция ташкил этилади

Ўзбекистонда китобнинг маънавий қудрати ва жамият ривожидаги ўрнини кенг ёритиш мақсадида Президент раҳнамолигида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказида ноёб экспозиция ташкил этилиши кутиляпти. Лойиҳа нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳақда Марказнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов таъкидлашича, экспозициянинг асосий мақсади — китобнинг қадр-қимматини англатиш, китобхонликка қизиқиш уйғотиш ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини кенг тарғиб этишдир:
“Маълумки, давлатимиз раҳбари хорижий сафарлар давомида мамлакатимиз адабиёти ва маданиятига оид китобларни бошқа давлат раҳбарларига тақдим этишни анъанага айлантирган. Бу амалиёт Ўзбекистон китобхонлик анъаналарини халқаро майдонда намоён этишда муҳим аҳамиятга эга”, дейди Марказ раҳбари.
Экспозицияда нималар бўлади?
▪️ Махсус витрина — ўрнатилган махсус витринада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳақида чоп этилган асарлар намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар витриналарда жойлаштирилган ушбу асарлар билан танишиб, батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўладилар.
▪️Кичик подиум — турли маданий-маърифий тадбирлар, китоб тақдимотлари ва учрашувлар ўтказилади.
▪️Функционал экран — Президентимиз асарлари, фаолиятига оид видео ва график материаллар, шунингдек марказнинг визуал контенти намойиш этилади.

Илҳомлантирувчи сўзлар
Экспозициянинг юқори қисмида машҳур ўзбек алломаси ва жаҳон таниган икки мутафаккирнинг китоб ва китобхонлик ҳақидаги ҳикматли сўзлари жой олади. Улар Шарқшунослик институти томонидан танланади ва ўзбек тилида тақдим этилади.
Декоратив элементлар
Экспозиция китоблар билан чекланиб қолмайди — бадиий ва декоратив буюмлар ҳам жойлаштирилиши режалаштирилган. Бу ташриф буюрувчилар учун янада бой, илҳомлантирувчи ва эсда қоларли муҳит яратади.
Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, марказ меҳмонлари китобхонлик маданияти, давлат сиёсатида китобнинг ўрни ва миллий адабиётимиз бойлиги билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа