Ўзбекистонда ислом меросини тарғиб этувчи халқаро ташаббус амалга оширилмоқда


🔴 Илмий ва маданий дипломатия учун яна бир имкон


🔴 Ислом цивилизациясининг замонавий халқаро майдони 




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида халқаро аҳамиятга эга йирик ташаббус амалга оширилмоқда: Президент ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази биносининг иккинчи қавати замонавий талабларга жавоб берадиган, илм-фан, маданият ва гуманитар ҳамкорликка хизмат қиладиган халқаро платформа сифатида жиҳозланмоқда. 

 

    Марказ Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида қайд этилишича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик дастурлари доирасида амалга оширилаётган бўлиб, асосий мақсад – ислом маънавий анъаналари ва мамлакатимиз тарихий-илмий мероси асосида янги авлод учун интеллектуал, маданий ва гуманитар макон яратишдир.

 

    Бу ташаббус жаҳон цивилизациясида ислом оламининг ўрни ва ҳиссасини кенг тарғиб қилиш, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро миқёсда намойиш этишда муҳим платформага айланади.

 

     Лойиҳанинг асосий вазифалари:


▪️Ислом цивилизациясининг жаҳон фан ва маданиятига қўшган ҳиссасини оммалаштириш;


▪️Ўзбекистоннинг маданий ва илмий меросини халқаро ҳамжамиятга етказиш;


▪️Халқаро ташкилотлар, музейлар ва илмий институтлар билан қўшма тадқиқотлар, кўргазмалар, форумлар ўтказиш;


▪️Илмий ва маданий дипломатияни ривожлантириш, очиқ мулоқотни кучайтириш.




    Иккинчи қават экспозицияси 13 мавзули блокдан ташкил топиб, уларда Ўзбекистон ва турли давлатлар ўртасидаги маданий-илмий алоқалар, тарихий воқеалар ва умуминсоний қадриятлар ёритилади.

 

     Мавзули блоклар қуйидагилардан иборат:


➖Ўзбекистон – Венгрия алоқалари ва Армин Вамберининг саёҳатлари;


➖90 томлик “Маданий мерос” серияси ва халқаро олимлар ҳамкорлиги;


➖Ўзбекистон – Италия: “Кахри Қалъа” орқали цивилизациялар мулоқоти;


➖XX аср боши – Жадидлар даври ва Худойберган Девонов мероси;


➖Буюк Темурийлар ва Бобохоновлар мероси;


➖Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маданияти;


➖Миллий кутубхона билан қўшма кўргазма;


➖Янги Ўзбекистонга бағишланган махсус экспозиция ва бошқалар.


    Барча блоклар замонавий мультимедиа технологиялари билан жиҳозланиб, видеохроника, фотосуратлар, карталар ва бадиий безаклар орқали халқаро платформа муҳитини яратади. Ахборот материаллари миллий ва халқаро тилларда тақдим этилади.

 

    Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, иккинчи қават нафақат кўргазма, балки халқаро илмий-маданий ҳамкорлик маркази сифатида ҳам фаолият юритиши режалаштирилган.