Миср султони томонидан Амир Темурга совға қилинган жирафа акс этган миниатюра нусхаси ИЦМга жойлаштирилади



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси яқинда яна бир нодир асар билан бойиши кутилмоқда. 1436 йилда Шерозда яратилган ва ҳозир турли коллекцияларда сақланаётган машҳур “Зафарнома” қўлёзмасининг икки саҳифалик композицияси Амир Темурнинг набираси, Темурий шаҳзода Иброҳим Султон учун махсус кўчирилган. 

 

    Қўлёзмадаги миниатюраларнинг бирида элчиларни қабул қилиш жараёни акс этган. Бу воқеа Кастилия қироли саройидан келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг хотираларида ҳам баён этилган. Унинг ёзишича, 1404 йил июнь ойи бошларида Темур Миср султонининг элчиларини Эроннинг шимолий-ғарбидаги шаҳарда қабул қилган.

 

    Элчилар ҳукмдорга қимматбаҳо совғалар, жумладан, олтита тўн ва ўша давр учун ноёб ҳайвон — жирафа олиб келишган. Клавихо Темур саройидаги маросимларни кўп маротаба ҳайрат билан тасвирлаган бўлса-да, айнан жирафа унинг эътиборини тортган. Илгари ҳеч қачон бундай жонзотни кўрмагани учун у уни атрофлича тавсифлаб, “бу жонивор ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли” дея таъриф берган.

 

    Ушбу асар нафақат бадиий маҳорати, балки ўрта асрлардаги халқаро дипломатия, савдо йўллари ва маданий алоқаларнинг гувоҳи сифатида ҳам тарихий аҳамиятга эга.