Тарихий саҳналарга олимлар ва дизайнерлар ҳамкорликда ҳаёт бағишлашмоқда
🔴 Исломдан аввалги цивилизациялар экспозициясида янги нафас
🔴 Тарих нафаси ва замонавий дизайн: Ипак йўлидан Хоразмга саёҳат

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимидаги икки йирик экспозиция — “Қадимги Хоразм” ва “Буюк Ипак йўли” бўлимларига бағишланган навбатдаги илмий-амалий муҳокама бўлиб ўтди.
Йиғилишда Марказнинг етакчи олим ва мутахассислари, илмий маслаҳатчилари ҳамда Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси дизайнерлар гуруҳи иштирок этди. Унда экспозицияларни мазмунан бойитиш, тарихий ҳаққонийликни таъминлаш ва визуал жозибасини ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Муҳокамада тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова, профессор Ўктам Мавлонов, тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Отабек Орифжонов, Марказ катта илмий ходими Алишер Эгамов ҳамда дизайнер ва техник мутахассислар фаол иштирок этди. Экспонатлар рўйхати қайта кўриб чиқилиб, зарур таҳрир ва тузатишлар киритилди.
“Буюк Ипак йўли” бўлими муҳокамасида тарихий бозорга кириш қисмидаги меъморий элементлар, безак ечимлари ҳамда видеоконтентда намоён бўладиган илк ўрта аср суғдий савдогарлар кийимлари ҳақида фикр алмашилди. Профессор Ўктам Мавлонов ва дизайнерлар томонидан тарихий аниқлик ҳамда бадиий ифода уйғунлигини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.
“Қадимги Хоразм” бўлими муҳокамасида эса профессор Мирсодиқ Исҳоқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ зардуштийлик даврига оид экспонатлар жойлашуви, абадий олов бўлими, тасвир ва суратларнинг ёритилиши, видеоконтентдаги персонажлар образлари ҳамда умумий ранг уйғунлиги масалаларида дизайнерлар билан ҳамкорликда иш олиб борди.
Йиғилиш якунида икки бўлим видеоконтенти тарихий асосга эга ва визуал жиҳатдан таъсирчан бўлиши учун қўшимча илмий изланишлар ўтказиш, зарур ҳолларда олимлардан қўшимча маълумотлар олиш ҳамда дизайнерлар билан яқин ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувга эришилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа