Тарихнинг тилсиз гувоҳлари нимадан далолат беради?

 

🔴Ўзбекистондаги мегалойиҳада тиллада ёзилган саҳифалар

 

🔴 500 йиллик ҳадислар йиғиндиси


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган навбатдаги илмий кенгаш йиғилишида фуқаролар томонидан марказ экспозицияси учун тақдим этилган бир қатор ноёб экспонатлар муҳокама қилинди. Йиғилишда қадимий қўлёзмалар, Қуръон нусхалари ва тарихий ҳужжатлар илмий, тарихий ва эстетик жиҳатдан баҳоланди.



 

    Кенгаш аъзолари, олимлар ва мутахассисларда тақдим этилган ашёлар орасида Бухорода, тахминан Амир Насруллоҳ даврида кўчирилган Қуръони Карим нусхаси алоҳида эътибор қозонди. Одатда Қуръон нусхаларининг фақат муқаддима ва хотима саҳифалари безатилади. Мазкур нусханинг эса ҳар бир бети ўзига хос нақшлар билан зийнатланган бўлиб, саҳифаларига тилла суви юритилган. Ушбу нодир асар ва унга мос бўлган лавҳ экспертизага юборилиши белгиланди.

 

    Шунингдек, Хива шаҳрида кўчирилган, 500 йиллик тарихга эга бўлган ҳадислар тўплами — ноёб қўлёзма ҳам намойиш этилди. Унда Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг асарларидан олинган, энг ишончли 23 та ҳадис жамланган. ЎзР ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, бу каби қўлёзмалар Марказ экспозициясини илмий ва мазмунан бойитишда муҳим ўрин тутади.

 

    Экспонатлар орасида XIX асрда Қоҳирада тайёрланган ва масжидлар интерьерида декор сифатида ишлатилган диний оятлар ёзилган икки мато ҳам Кенгаш йиғилиши қатнашчиларига намойиш этилди.


    Улардан бирига “Оятул Курсий” битилган. Бу ашёлар  маълумот сифатида қабул қилинди.


    Йиғилишда шунингдек, яна 10 га яқин тарихий ҳужжат ва манбаларнинг илк кўриги ўтказилиб, улар экспертизага юборилди. Қабул қилинган қарорларга кўра, марказда экспонатларни қабул қилишнинг қатъий ва илмий тартиби йўлга қўйилган.