Тарихий “пост”: Амир Темурнинг қоя бағрига муҳрланган дуоси


🔴 Амир Темур султонлигидан сўзлаётган тош

 

🔴 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бошлаган хайрли иш



 

    Ҳар бир халқнинг хотираси, ўтмиши ва фахри унинг тарихий меросида акс этади. Бундай манбалар орасида тошларга битилган ёдгорликлар, айниқса, халқнинг руҳий дунёси, сиёсий тафаккури ва маънавий меросини теран ифода этади. Ана шундай қимматли ёдгорликлардан бири — Амир Темур даврига тааллуқли бўлган, 2 тонна оғирликдаги битиктошдир. Бу тарихий ёдгорлик ҳозирги Қозоғистон ҳудудида топилган бўлиб, айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан унинг муляжи (нусхаси)ни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

     Улуғтоғдаги тошдаги из


    Битиктош — 1391 йил апрель ойида, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши иккинчи юриши чоғида, Қозоғистон ҳудудидаги Улуғтоғ этакларида ёзилган. Юриш ҳақида “Темур тузуклари” асарида ҳам маълумотлар бор. Ривоятларга кўра, Темурбек тоққа чиққан пайтда руҳий илҳомланиш туфайли бу юришни ёд этиш мақсадида қояга ёзув ёздирган. Бугунги кунда ушбу тепалик “Олтин чўққи” деб аталади.

 

     Топилма сири

 

    1935 йилда мазкур битиктош Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Қарсақбой кони яқинидан геолог К.И. Сатпаев томонидан топилган. Шундан сўнг олим К.И. Рожнов ёзувни махсус усулда равшанлаштириб, уни суратга олади ва Москвага, Фанлар академиясига юборади. 1936 йилда Эрмитаж директори И.А. Орбели имзоси билан махсус экспедиция ташкил этилади. Шундай қилиб, тарихий тош Ленинградга олиб кетилиб, Эрмитаж музейига топширилади.


     Тошдаги султон сўзлари


    Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, битиктошдаги матн 11 сатрдан иборат. Илк 3 сатр араб алифбосида, қолганлари эса уйғур ёзувида битилган. Араб ёзувида “Басмала” ва Аллоҳнинг гўзал исмлари келтирилган бўлса, уйғур ёзувидаги сатрлардан бирида шундай мазмундаги иборалар ўрин олган:

 

“Тарихнинг етти юз тўқсон учинчи қўй йилида Туроннинг султони Темурбек уч юз минг қўшин билан ислом учун Тўхтамишхон хонига юриш қилди. Бу ерда белги бўлсин деб, ушбу тошни ўрнатди. Тангри инсоф бергай, ин шаа Аллоҳ. Тангри эл киши (фуқаро)га раҳмат қилгай, бизни дуо билан ёд қилгай.”

 

    Бу матн нафақат тарихий воқеа, балки Амир Темурнинг руҳий дунёси, ўз халқига ва исломий қадриятларга бўлган садоқатини ҳам ифодалайди.

 

     Тадқиқотлар ва ёзув техникаси


    Тошга ҳеч қандай сунъий ишлов берилмаган. Ҳарфлар баландлиги 1 см.дан ошмайди, чуқурлиги эса 1,5-2 мм атрофида. Уйғур ёзуви эътибор билан, аниқ ўйилган. Араб ёзуви эса ноаниқроқ ва шошилинч битилган кўринади. Диакритик белгилар берилмагани сабабли баъзи сатрларни ўқиш қийинлашган. Бу ҳақда А.П. Григорев, Н.Н. Телисин ва О.Б. Фролова томонидан ёзилган мақолада ҳам маълумот берилган.

 

     Муляж — тарихий адолатни тиклаш


    Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ушбу битиктошнинг муляжи тайёрланмоқда. Россия Давлат Эрмитажи музейи олимлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган бу иш — тарихий адолатни тиклаш, Амир Темур меросини янги авлодга етказишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.

 

     Тарих тошда ҳам гапиради


    Битиктош — бу оддий ёзув эмас. У — давлатчилик, эътиқод, юришлар ва руҳий мероснинг бир тошдаги ифодаси. Амир Темурнинг Улуғтоғдаги битиктоши — бу нафақат тарихнинг саҳифаси, балки маънавий рамз, халқ хотираси ва миллий ўзликни англаш воситасидир.