ХХ асрдаги давлатчилик, жамият, сиёсат ва маънавият интерактив талқинда

 

🔴 Тарихимизни янада англаш лойиҳаси

 

🔴 Жадидлардан истиқлолгача...




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлими экспозициясини такомиллаштиришга бағишланган навбатдаги ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур экспозиция лойиҳаси мамлакатимизда ХХ асрда юз берган давлатчилик тарихи, жамият тараққиёти, сиёсий жараёнлар ва маънавий-маданий ўзгаришларни илмий-назарий асосда ёритишга қаратилган.

 

    200 квадрат метр майдонни эгаллаган бўлимда тарихий воқеалар диод экранлари ёрдамида интерактив шаклда намойиш этилиши режалаштирилган. Экспозициянинг асосий мақсади — жадид маърифатпарварлари фаолияти, совет давридаги сиёсий муҳит, илм-фан ва санъатдаги ўзгаришлар ҳамда мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ютуқларни тарихий панорама сифатида кенг жамоатчиликка тақдим этишдан иборат.

 

    Йиғилишда “Antalex” МЧЖ бош директори Булат Шаймардонов томонидан экспозиция концепцияси бўйича тақдимот ўтказилди. Унда экспозиция 4 қисмдан иборат бўлиши, ҳар бир давр учун хос архитектура, рамзий ва коллаж элементларини тадқиқ этиш зарурлиги таъкидланди.



 

     Таъкидланган тўрт қисм қуйидагича шаклланиши режалаштирилмоқда:

 

Жадидларгача бўлган давр (ХIX аср охири — ХХ аср бошлари): Ситораи Моҳи Хосадаги чўпкорлик услуби ва фонарлар рамзидан фойдаланиш таклифи берилди.

 

Жадидлар даври: Эски Тошкент ва Бухоро архитектура иншоотларини инкорпорация қилиш орқали маърифатпарварлик муҳитини яратиш назарда тутилмоқда.

 

➖Шўролар даври: Пахта ва икки бошли бургут каби символик тасвирлар орқали тоталитар сиёсий муҳит акс эттирилади.

 

Мустақиллик даври: Янги иншоотлар ва замонавий ўзгаришларнинг умумий-рамзий ифодаси яратилади.


    Тарихчи олимлар, жумладан, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов ва музей катта илмий ходими Баҳром Ирзаев томонидан бир неча таклифлар билдирилди. 

 

    Хусусан, экспозицияда шахслар образларига алоҳида эътибор қаратиш, ўша давр оғриқларини ҳис қилиш учун тасвирларни рангсиз ва тиниқ услубда тақдим этиш зарурлиги таъкидланди.

 

    Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, ушбу экспозиция нафақат илмий жиҳатдан муҳим, балки кенг жамоатчилик ва келажак авлод учун таълимий ва маънавий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.