Машҳур Лувр музейи реконструкция қилинади



 

    Франция маданият вазирлиги Лувр музейини реконструкция қилиш бўйича 800 миллион еврога тенг катта ҳажмдаги лойиҳани амалга оширишни бошлади. Ушбу Лувр – Янги Ренессанс деб номланган ташаббус келгуси йилларда музейни замонавий талабларга мос ҳолда қайта жиҳозлашни кўзда тутади.

 

    Франция маданият вазири Рашида Дати халқаро танлов эълон қилиб, лойиҳанинг ҳакамлар ҳайъати таркибини расман эълон қилди. Танловда иштирок этувчи архитекторлар учун аризаларни топшириш муддати 2025 йил 1 сентябргача белгиланган.

 

    Ҳайъатга Иль-де-Франс префекти Марк Гийом ва Лувр директори Лоранс де Кар раҳбарлик қилади. Ҳайъатнинг учдан бир қисмини машҳур архитектура мутахассислари ташкил қилади. Улар орасида шиша пирамидаси билан танилган афсонавий меъмор Бэй Юйминнинг ўғли — Сэнди Пей ҳам бор.

 

     Лойиҳа доирасида:

 

➖Лувр музейига янги кириш қисми,

 

➖Янги кўргазма заллари,


➖Ва машҳур Мона Лиза  (Жоконда) асари учун махсус экспозиция майдони барпо этилиши режалаштирилган.


    Режа асосида 2031 йилга қадар реконструкция ишлари тўлиқ якунланиши кутилмоқда. Бу ўзгаришлар Луврнинг тарихий қиёфасига замонавийлик бағишлаши ва музейга ташриф буюрувчилар учун янада қулай ва маданий муҳит яратиши кутилмоқда.

 

    Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ва Франция Президентлари Луврда “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасида иштирок этган. Халқимизнинг бой маданий меросига бағишланган кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг октябрь ойида Францияга амалга оширилган ташрифи давомида эришилган келишувларга мувофиқ ташкил этилган.