Навоий асарига ишланган миниатюра Буюк Британияда сақланмоқда




    Буюк Британиянинг энг қадимий илм масканларидан бири — Оксфорд университети қошидаги Бодлеан кутубхонасида Алишер Навоийнинг “Хамса” асари қўлёзмаси сақланади. Унга ишланган миниатюраларнинг бирида шоҳ Нуширавон акс этган.

 

    Ушбу миниатюра 1485 йилда Хуросон ҳукмдори Бадиуззамон Мирзо буюртмаси билан тайёрланган бўлиб, “Ҳайрат ул-аброр” асаридан ўрин олган.

 

    Бу тасвир нафақат Навоий ижодини ифодаловчи тарихий манба, балки XV аср миниатюра санъати анъаналарининг юксак намунасидир. Унда асар қаҳрамони суҳбатда ўтирган ҳолда, миллий либосда, ёзув ва архитектуравий орнаментлар ила безалган фон остида тасвирланган.

 

    Айни пайтда мазкур миниатюра нусхасининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойишга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ташаббус маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун Навоий ва унинг даври ҳақида визуал тарихий маълумот тақдим этишга хизмат қилади.