“Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар девори”: Ислом цивилизациясининг визуал энциклопедияси яратилмоқда
🔴 Тарихни технология билан гапиртирган экспозиция
🔴 Илм-фан, шахсият ва давлатчиликни уйғун қилган девор

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар девори” деб номланган экспозиция концепцияси муҳокамаси бўлиб ўтди. Ушбу кенг кўламли учрашувда марказ олимлари, илмий ходимлар, мутахассислар ҳамда халқаро тажрибага эга дизайнерлар иштирок этди.
Экспозициянинг ушбу қисми марказнинг Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлимида жойлаштирилиши кўзда тутилган. Мазкур “девор”да цивилизацион тараққиёт босқичлари, буюк мутафаккирлар фаолияти ва уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси интерактив, визуал ва таълимий форматда тақдим этилади.
Тақдим этилган контентлар орасида тарихий хариталар, тангалар, қўлёзмалар, ҳужжатли фильмлар, замонавий визуал технологияларга асосланган ўйинлар ва видеоматериаллар бор. Улар ҳар уч хронологик блокка бўлинган ҳолда акс эттирилади. Бу блокларда Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино каби сиймоларнинг дунёвий илмий ютуқлари махсус маълумотлар ва экспонатлар билан ёритилади.
– Хар бир блок мазмуний ва визуал боғлиқликда яратилмоқда. Бу экспозиция нафақат тарихий маълумот берувчи кўргазма, балки ёшлар учун илмий-маърифий саёҳатга айланади, – деди марказ илмий ходими Обид Тангиров.

Муҳокама чоғида контентларнинг таркибий қисмлари, мавзуларнинг уйғунлиги ва технология билан бойитиш имкониятлари юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, ушбу “девор” модели бошқа тематик экспозицияларга ҳам мос экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ ушбу экспозицияни халқаро кўргазмалар стандартларига мос ҳолда тўлдириш, жозибадор ва интерфаол муҳитда тақдим этиш юзасидан режаларни келишиб олди. “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар девори” Марказ концепциясининг марказий ғояларини акс эттирувчи билим ва илҳом манбаи сифатида намоён бўлади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа