Мунозара жанрининг илк намуналарига Темурийлар даврида асос солинганми?

 

🔴 “Шоҳнома”га тенглаштириладиган асарни биласизми?

 

🔴 Темурий шаҳзода Пирмуҳаммад ҳомийлигида тайёрланган қўлёзма нима ҳақида?



 

    Амир Темур ҳукмронлик қилган давр (1370–1405) Ислом оламида илм-фан, маънавият ва маданиятнинг жадал ривожланган даврларидан бири сифатида тарихда алоҳида ўрин тутади. Ушбу даврда нафaқат меъморий ва сиёсий соҳаларда юксак ютуқларга эришилди, балки маърифий-маънавий соҳаларда ҳам улкан бойлик яратилди. Хусусан, бу даврда илк бадиий қўлёзмаларнинг шаклланиши Темурийлар маданий сиёсатининг натижаси сифатида намоён бўлди.

 

    Шу турдаги ноёб асарлардан бири — ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Иккинчи Ренессанс” бўлимида жойлаштирилиши режалаштирилган икки жилдли қўлёзмалар тўпламидир. Ушбу қўлёзмалар Темурий шаҳзода Пирмуҳаммад (1374–1407) ҳомийлигида тайёрланган бўлиб, адабий ва фалсафий мазмунига кўра юксак аҳамият касб этади.

 

    Бу тўпламнинг биринчи жилди — Абулқосим Фирдавсийнинг машҳур “Шоҳнома” асаридир. У 800/1397–98 йилларда Шерозда Муҳаммад Саид Ҳофиз ал-Қори томонидан кўчирилган. Иккинчи жилдда эса Эрон ва форс адабиётига мансуб тўртта эпик достон — Асади Тусийнинг “Гаршаспнома”, Аҳмад Табризийнинг “Шаҳаншоҳнома”, Ҳаким Тусийнинг “Баҳманнома” ва Ҳаким Эроншоҳ ибн Абулҳайнинг “Қушнома” асарлари жамланган.

 

     Асади Тусий ва унинг фалсафий эпоси

 

    Ушбу тўпламдаги энг диққатга сазовор асарлардан бири — Абу Наср Али ибн Аҳмад Асади Тусий (тахминан 1000–1073) қаламига мансуб “Гаршаспнома”дир. Асар 9000 байтдан иборат бўлиб, у Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си руҳида ёзилган ва эрон эпик анъаналарининг давомчиси сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

 

    Гаршасп — асардаги бош қаҳрамон — афсонавий қаҳрамон сифатида тасвирланади. Унинг аждаҳоларга қарши кураши, Ҳиндистон ва Шри-Ланкадаги сафарлари, ҳинд брахманлари ва юнон файласуфлари билан мулоқотлари орқали муаллиф инсон камолотини, дин ва фалсафа бирлиги, руҳий етуклик ва қаҳрамонлик ғояларини баён қилади.

 

    Асарда тарихий, мифологик ва фалсафий тоифадаги қаҳрамонлар: Жамшид, Заҳҳок, Фаридун каби образлар орқали қадимги эронликларнинг дунёқараши, миллий хотираси ва маънавий қадриятлари акс эттирилади.

 

     Мунозаравий қасидалар — ақл ва бадиий сўз баҳси

 

    Асади Тусийнинг адабий мероси фақат эпик достон билан чекланмайди. У томонидан ёзилган бешта мунозаравий қасида — “Араб ва Ажам”, “Мусулмон ва Маъжусий”, “Кеча ва Кундуз”, “Найза ва Камон”, “Осмон ва Ер” — дебат жанрининг илк адабий намуналари ҳисобланади.

 

    Бу асарларда қарама-қарши тушунчалар ўртасидаги бадиий ва мантиқий кураш намоён бўлиб, табиат, дин, инсоний қадриятлар каби мавзулар замонавий ахлоқий мезонлар нуқтаи назаридан ёритилган. Улар орқали Асади Тусий жамиятда фикрий эркинлик, мулоқот маданияти ва маънавий уйғунлик ғояларини илгари суради.

 

    Темурийлар давридаги бундай адабий қўлёзмалар, айниқса “Гаршаспнома” каби асарлар Ислом цивилизацияси тарихидаги Иккинчи Ренессанснинг маънавий асосларидан бири сифатида қаралади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу ноёб меросни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, унинг илмий ва бадиий қадрини англашга хизмат қилувчи муҳим илмий-маданий масканга айланмоқда.