Ислом цивилизацияси музейи: Биринчи Ренессанс экспозициясидаги илмий ёндашувлар

 

🔴 Интерактив капсулалар ва 3D дизайн: Ислом меросига замонавий талқин

 

🔴 Беруний ва Ибн Синодан илҳомланган музей капсулалари ва  илмий мўъжизалар

 

🔴 Ёшларга илҳом бағишловчи экспозиция 



 

    2025 йил 2 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Музейнинг “Биринчи Ренессанс” бўлимига бағишланган навбатдаги илмий-ижодий муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бўлим концепцияси, тематик экспозициялар ва визуал дизайн ечимлари батафсил кўриб чиқилди.

 

    Йиғилишда 7 та тематик капсула бўйича экспонатлар рўйхати, уларни жойлаштириш тартиби, интерактив технологиялар ҳамда илмий ёндашувлар муҳокама қилинди. Ҳар бир капсула узлуксиз тарихий манзара яратиши, маънавий мазмунни англатиши ҳамда ёш авлод учун илҳом манбаига айланиши лозимлиги таъкидланди.



 

    Муҳокама жараёнида Италиянинг Magister art компанияси дизайнерлари томонидан ишлаб чиқилган замонавий дизайн ечимлари тақдим этилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ечимлар 3D визуаллаш, ёруғлик технологиялари ва интерактив экранлар орқали экспозициянинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ очиб беришга хизмат қилади.

 

     Йиғилиш доирасида қуйидаги капсулаларга алоҳида эътибор қаратилди:

 

1-капсула: Ислом дини тарихи ва пайғамбарлар шажарасини 7 метрлик интерактив макет орқали тақдим этиш таклифи билдирилди.

 

3-капсула: Имом ал-Бухорий, Абу Лайс Самарқандий ва Қаффол Шоший каби уламоларнинг фиқҳ, ҳадис ва сийратга оид асарлари замонавий визуал форматда намойиш этилади.

 

4-капсула: Абу Райҳон Берунийнинг “Астурлоб” асбоби, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари нусхаси ҳамда уларнинг ўзаро ёзишмалари асосий экспонат сифатида белгилаб олинди.



 

Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов йиғилиш якунида шундай деди:

 

“Ҳар бир капсула – бу ўзига хос илмий воқелик, ҳар бир экспонат – буюк аждодларимиз қолдирган меросдир. Биз фақат тарихни акс эттириш эмас, балки уни замонавий тилда ёш авлодга тушунарли ва илҳомлантирувчи тарзда намойиш этишни мақсад қилганмиз”


    Ислом цивилизацияси маркази ўз олдига тарихий ҳақиқатни замонавий воситалар орқали тақдим этиш, аждодлар меросини илмий-тарбиявий мақсадда халқимиз, хусусан ёшлар онгига сингдиришни устувор вазифа қилиб олган.