Қўлёзмалар, чопонлар ва Шашмақом: Ислом цивилизацияси марказида экспозициялар кенгаймоқда
🔴 Экспозициядаги ҳайрат: Умар Ақто Қуръони, Эрмитаждаги муляжлар ва Лондон гиламлари
🔴 Ўтмишни кўриш, эшитиш, ҳис қилиш: экспозицияда 3D тарих
![]()
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида марказ экспозицияларини янада бойитиш, илмий концепцияларни такомиллаштириш ва амалий режаларни мувофиқлаштириш мақсадида навбатдаги илмий-ижодий муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда марказ раҳбарияти, масъул ходимлар, илмий кенгаш аъзолари ва соҳа олимлари иштирок этди.
Муҳокама давомида қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, Қуръони Каримнинг машҳур қўлёзма нусхаларидан бири — Умар Ақто томонидан кўчирилган ноёб нусха марказ кутубхонасига олиб келинаётгани маълум қилинди. Ушбу муқаддас нусхани махсус шароитда намойиш қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шунингдек, “Улуғтоғ битиги”нинг Амир Темур даврига тегишли экани ҳақидаги илмий хулосалар, Эрмитаж музейида сақланаётган асл нусха асосида унинг муляжини тайёрлаш ва экспозицияда намойиш этиш бўйича келишувга эришилди. Бу визуал восита тарихий воқеликни реал шаклда кўрсатишга хизмат қилади.
Музейнинг “Ўзбек хонликлари” даврига бағишланган бўлими учун Бухоро ва Қўқон хонликларига оид зардўзлик чопонларнинг муляжлари, Хиванинг анъанавий гиламлари экспозицияга жойлаштирилиши кўзда тутилди. Шунингдек, Лондон аукционлари орқали Хиванинг ноёб гиламларини олиб келиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг бой мусиқий меросини акс эттириш мақсадида “Шашмақом”нинг олтита асосий куйини мультимедиавий форматда тақдим этиш – яъни эшитиш, кўриш ва ҳис қилиш орқали намойиш этиш таклифи билдирилди. Бу ташаббус юртимиз мусиқий цивилизациясини замонавий технологиялар асосида кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилади.
Темурийлар тарихи Давлат музейи директори Хуршид Файзиевнинг қайд этишича, Улуғтоғ битиги Амир Темур даврига оид муҳим ашё ҳисобланади.
– Бугунги кунда Россия Давлат Эрмитажида сақланаётган ушбу ашёнинг муляжини айнан Эрмитаж музейидан харид қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Катта ўлчамдаги ушбу тошнинг муляжи ҳали Ўзбекистондаги бирорта музейда мавжуд эмас. Чунки муляжнинг тошдаги ҳар битта деталларни ўрганиб тайёрлаш талаб этилади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шундай улкан масъулиятни зиммасига олиб амалий саъй-ҳаракатларни бошлаб юборган, – деди Х.Файзиев.

Йиғилишда марказ кутубхонасининг концепцияси ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Қўлёзма ва нашрлар рўйхатини шакллантириш, Илмий кенгаш тасдиғи асосида смета тайёрлаш вазифаси белгилаб берилди. Шунингдек, кутубхона “Вақт девори”нинг охирида жойлаштирилиб, Темурийлар кутубхонаси концепциясида ташкил этилиши таклиф этилди.
Экспозицияларда намойиш этиладиган медиа контентлар — видеолар, инфографикалар, аудио ва бошқа элементларни янгилаш, мавзуларга мос ҳолда шакллантириш ва замонавий технологиялар асосида амалга ошириш юзасидан аниқ ечимлар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида барча билдирилган таклиф ва фикрлар асосида якуний ҳужжат тайёрланиши, тегишли илмий ва амалий гуруҳлар томонидан босқичма-босқич жорий этилиши қайд этилди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа