Юртимиздан чиққан яна бир буюк астроном номи маълум бўлди

🔴Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кашф этган мерос

 

🔴  1410 йилларда Темурийлар саройида қайта кўчирилган қўлёзма


    Илм ва маърифатга муҳаббат, фазилатга интилиш — Ўрта аср Шарқ жамиятларида ҳаёт тарзи даражасига кўтарилган қадриятлар эди. Бу руҳда етишиб чиққан мутафаккирлар фаолияти ва мероси орқали замонавий илм-фан ўз илдизларини англаб етади. Бугунги кунда ана шундай унутилган, аммо жуда катта илмий аҳамиятга эга манбаларни излаб топиш ва қайта тадқиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифасидир.

 

    Шундай манбалардан бири — XIII асрда яшаб ўтган астроном ва мунажжим Алишоҳ ибн Муҳаммад ибн Қосим Хоразмийнинг “Равзатул-мунажжимин” (“Мунажжимлар боғи”) номли астрономик асаридир. Бу ноёб қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилмоқда. 

 

    Ислом цивилизацияси маркази: қайта кашф этилган мерос

 

    Марказ ўз экспозицияларида нафақат кенг танилган алломалар, балки тарихий манбаларда кам тилга олинган, аммо ўз даврида муҳим илмий ишлар қилган олимлар меросини ҳам намоён қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу орқали томошабинларда нафақат тарихий фахр уйғотилади, балки замонавий илм-фан тараққиётига замин бўлган жараёнларга нисбатан муносабат шаклланади.


    Алишоҳ Хоразмийнинг мазкур асари ана шундай илмий қайта кашф этишлар самарасидир. Унинг номи илк бор Туркиянинг Истанбул университети кутубхонасидаги қўлёзмада учраган. Асарда муаллифнинг илмий фаолияти, астрономик кузатувлари ва юлдузларнинг инсон ҳаётига таъсирига оид фикрлари баён этилган.

 

     Асар ҳақида қисқача маълумот


    “Равзатул-мунажжимин” — бу асар фақат назарий эмас, балки амалий астрономияга оид билимларни ҳам ўз ичига олади. Унда юлдузлар, буржлар ва осмон ҳаракатлари, уларнинг тақдирга таъсири, кунлар ва ойлар тақвими ҳақида мукаммал жадвал ва баёнлар келтирилган. Асардан маълум бўлишича, муаллиф аввал Каъбага сафарга отланган, аммо Бағдодда сиёсий вазият туфайли тўхтаб қолган. Шу ерда маҳаллий ҳоким уни саройга таклиф қилган ва астрономик асар яратишни буюрган.


    Ушбу жараёнда мунажжимга нафақа ва уй-жой таъминланади. У икки йил давомида Бағдодда фаолият юритиб, асарни 690 ҳижрий (1291 милодий) йилда тугатади. Асардаги кузатувлар ва ҳисоб-китоблар бугунги илмий стандартлар билан солиштирганда ҳам юқори аниқликда эканлиги олимлар томонидан эътироф этилган.

 

    Алишоҳ Хоразмий ким бўлган?
    Муаллиф асарнинг муқаддимасида ўзини “Алои Мунажжим ал-Бухорий” деб атаган. Бу эса унинг Хоразмий ва Бухорий нисбасини биргаликда қўллаганлигини кўрсатади. Эҳтимол, у Бухорода туғилиб, кейинчалик Хоразм ҳудудида яшаб, фаолият юритган. Маълумки, XIII аср бошларида Бухоро ва Хоразм ўртасидаги сиёсий боғлиқлик мавжуд бўлган, баъзи манбаларда Бухоро Хоразмшоҳлар томонидан бошқарилган шаҳар сифатида қайд этилган.


    Шу боисдан олимнинг икки хил нисба қўллагани унинг шахсий ва сиёсий-географик мансубликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

     Асарнинг тарихи ва тарқалиши


    Тарихий маълумотларга кўра, “Равзатул-мунажжимин” асари ўрта асрларда кўплаб ҳудудларда қайта кўчирилган. Ҳозирга қадар унинг 200 дан ортиқ нусхаси дунё бойлаб турли кутубхоналарда сақланаётгани маълум. Жумладан, ушбу асар Мирзо Улуғбек томонидан ёзилган “Зижи Жадиди Кўрагоний” учун назарий асос сифатида хизмат қилгани таъкидланади.


    Марказ экспозициясидаги мазкур асар қўлёзмаси 1410 йилларда Темурийлар саройида қайта кўчирилган. Унинг бош саҳифасида миниатюрага эга бўлиб, унда бир гуруҳ мунажжимлар расадхонада устурлоб ёрдамида осмон ҳаракатларини кузатиб турган лавҳа акс этган. Бу тасвир ҳам нафақат санъат асари, балки астрономик фаолиятнинг ифодасидир.


    Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида “Мунажжимлар боғи” асарининг намойиш этилиши — нафақат унинг тарихи ва илмий қимматини оммага етказиш, балки ислом илм-фани ривожида туркий халқлар, хусусан, Хоразм ва Бухоро алломаларининг ҳиссасини кенг кўрсатишга қаратилган муҳим ташаббусдир.