“Биринчи Ренессанс капсулалари”: ислом цивилизацияси мероси замонавий технологияларда тақдим этилади
🔴 Ёшлар учун тарих қизиқарли форматда
🔴 Тўртта капсулада ислом динининг асосий қадриятлари
🔴 Ибн Синонинг жарроҳлик анжомлари кўргазмадан ўрин олади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Биринчи Ренессанс” даврига бағишланган экспозиция илмий муҳокамалар асосида мазмунан ва технологик жиҳатдан бойитилмоқда.
Экспозиция ислом динининг Ўрта Осиёдаги тарқалиши, илм-фан, адабиёт ва тиббиёт соҳаларидаги меросни кенг ёритиб берувчи таълимий макон сифатида шакллантирилаяпти. Унда замонавий технологиялар, жумладан иммерсив шоу, интерактив намойишлар, мультимедиа воситалари ва сунъий интеллект асосида тайёрланган визуал контентлар кенг қўлланилмоқда.
Навбатдаги илмий муҳокамада экспозиция мазмуни ва услуби юзасидан фикрлар алмашилиб, алломалар меросини ёшлар учун қизиқарли форматда тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, бу бўлимда еттита мавзули капсула тайёрланмоқда. Улар ислом арконлари, диннинг Ўрта Осиё ва дунёга тарқалиши, алломалар ҳаёти ва асарларини қамраб олади.

Ушбу лойиҳа Франциянинг “Avesto” ҳамда Италиянинг “Magister art” дизайн компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Яқинда Лондон шаҳридаги “Ал-Фурқон” ислом мероси жамғармаси директори Сали Шаҳсуварий халқаро эксперт сифатида лойиҳага жалб этилди. У капсулалар концепцияси юзасидан ўз таклифларини бериб, ишчи гуруҳ аъзолари билан фикр алмашди.
— “Биринчи Ренессанс” бўлими экспозициясидан ўрин оладиган илк тўртта капсулада ислом динининг асосий қадриятлари, унинг тарқалиш харитаси ва тарихий артефактлар акс эттирилади. Қолган учта капсулада эса алломаларнинг асл ва факсимил асарлари, шунингдек, мультимедиа воситалари билан бойитилган витриналар жойлаштирилади, — деди Сали Шаҳсуварий.

Янги концепцияда сунъий интеллект орқали Ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний сингари алломаларнинг ҳаётини интерактив экранларда намоён этиш ҳам режалаштирилган. Шу билан бирга, қадимий асарларни виртуал тарзда "варақлаш" имконияти ҳам яратилади.
Экспозициянинг муҳим қисмларидан бири сифатида Ибн Синонинг машҳур “Китоб аш-Шифо” асарининг Оксфорд кутубхонасида сақланаётган тўлиқ нусхасини Ўзбекистонга олиб келиш ва намоён этиш ташаббуси устида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, алломанинг жарроҳлик анжомлари ҳам қайта тикланиб, кўргазмада ўрин олиши кутилмоқда.
Экспозиция орқали миллий уйғониш даври қайта кашф этилиши ва замонавий авлод учун руҳий-маънавий билим манбаига айланиши кутилмоқда. Илмий муҳокамалар давом этмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа