Ислом цивилизацияси марказидаги “Вақт девори” лойиҳаси орқали тарихий мерос янги технологик форматда намоён бўлмоқда
👉Хоразмийнинг “Алгоритм устуни”;
👉Ибн Синонинг инсон анатомияси;
👉Фарғонийнинг Нилометр қурилмаси замонавий визуал воситалар орқали ёдда қоладиган, таъсирли ва илҳомлантирувчи услубда тақдим этилиши кутиляпти.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан жой оладиган бу каби экспозициялар нафақат илм-фан ва тарих, балки келажак авлод учун илҳом манбаи, маънавий қўлланма ва интеллектуал хазина бўлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Вақт девори” лойиҳаси – бу шунчаки экспозиция эмас, балки инсон цивилизацияси тараққиётини янгича кўз билан англатишга қаратилган инновацион маданий-маърифий ташаббусдир.
Ушбу лойиҳа Исломдан аввалги даврлар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс босқичларини қамраб олган ҳолда интерактив медиа-контентлар, анимация, 3D графика ва сунъий интеллект орқали қайта жонлантирилаётган замонавий таълимий платформага айланмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — ёш авлодни илм-фанга қизиқтириш, Ислом дунёсида камол топган буюк мутафаккирлар ва олимларнинг илмий меросини замонавий визуал воситалар орқали ёдда қоладиган, таъсирли ва илҳомлантирувчи услубда тақдим этишдир.
“Вақт девори” доирасида 100 га яқин мультимедиавий видеоконтент, анимация, ўйин технологиялари ва сунъий интеллект асосида ишланган экспонатлар ишлаб чиқилмоқда. Улар орасида жаҳон фанининг пойдеворини қурган алломалар – Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний ва бошқаларнинг мероси муҳим ўрин тутади.
Масалан:
👉 Хоразмийга бағишланган қисмда “Алгоритм устуни” орқали тенгламаларни ечиш;
👉 Ибн Сино экспозициясида инсон анатомиясини интерактив тарзда ўрганиш;
👉 Фарғонийнинг Нилометр қурилмаси асосида сув сатҳини бошқариш орқали ҳосилдорликни моделлаштириш каби элементлар ёшларда билимга қизиқиш уйғотади.
Лойиҳа Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари, маҳаллий ва халқаро олимлар, Россиянинг “Planet 9” компанияси ҳамда Оксфорд университети каби етакчи илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бундай ёндашув Ислом цивилизацияси марказининг халқаро майдондаги илмий ва маданий нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Иш жараёнида яратилаётган ҳар бир контент Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Илмий кенгаш томонидан муҳокама қилиниб, тарихий манбаларга асосланган ҳолда такомиллаштирилади. Бу эса лойиҳани илм ва санъат ўртасидаги мукаммал уйғунлик намунаси сифатида намоён этади.
Музаффар Эркинов, режиссёр, лойиҳа ижодий раҳбари:
– Ҳар бир кадр, ҳар бир визуал таъсир — бу тарих билан мулоқот. Илмий аниқлик ва креатив ёндашув бирлашгани сабаб, биз нафақат ўтмишни акс эттирмоқдамиз, балки уни ёшлар тафаккурида қайта жонлантиряпмиз.
Бундай кенг кўламли, илмий асосланган ва технологик жиҳатдан мукаммал лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Янги Ренессанс” ғоясининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Бу экспозиция — нафақат илм-фан ва тарих, балки келажак авлод учун илҳом манбаи, маънавий қўлланма ва интеллектуал хазинадир.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа