BBC News билан ҳамкорликдаги лойиҳа: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳон саҳнасида
🔴 BBC News орқали кенг қамровли намойиш
🔴 Ислом санъатини қайта ҳикоя қилиш
🔴 Ўзбекистоннинг янги маданий имиджи

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва BBC News ҳамкорлигида “Guardians of Heritage” халқаро медиа лойиҳаси амалга оширилади.
Мазкур лойиҳа дунёдаги энг йирик ва ишончли ахборот платформаларидан бири — BBС News телеканали ва расмий сайти орқали жаҳон аудиториясига тақдим этилади.

Лойиҳа мақсади — Ўзбекистоннинг исломий маданий меросини глобал миқёсда танитиш, Ислом цивилизацияси маркази фондидаги ноёб артефактлар, тарихий қўлёзмалар, кулолчилик ва санъат асарлари орқали ислом дунёсидаги интеллектуал ва эстетик бойликни тараннум этишдан иборат.
Лойиҳа доирасида тайёрланган видеоматериаллар BBC News телеканали орқали Европа, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларида икки ҳафта мобайнида 120 марта эфирга узатилади. Шунингдек, “Guardians of Heritage” деб номланган махсус веб-саҳифа BBC платформасида яратилади ва у уч йил давомида фаол бўлади. Унда матн, фото ва видео контентлар, шу жумладан, экспертлар интервьюлари ҳам жойлаштирилади.
Мазкур лойиҳа доирасида Christie’s ва Sotheby’s каби нуфузли аукционлардан харид қилинган нодир артефактлар — Шоҳ Жаҳон даврига тегишли қиличлар, Дамашқ шамширлари, кулолчилик намуналари, қадимий қўлёзмалар каби музей экспонатлари кўрсатилади. Улар ислом цивилизацияси тарихидаги муҳим босқичларнинг гувоҳи сифатида тақдим этилади.

BBC News телеканали вакили Мария Тебякинанинг таъкидлашича, “Guardians of Heritage” лойиҳаси фақат экспонатларни намойиш қилиш эмас, балки улар орқали ислом санъатини эстетик, илмий ва маънавий жиҳатдан қайта ҳикоя қилишни кўзлайди. Лойиҳа тузилмаси шундай ишланганки, ҳар бир артефакт нафақат музей қимматлиги, балки тамаддунни тасдиқловчи тарихий гувоҳ сифатида намоён бўлади.
Бугунги кунда BBC телеканали 465 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бўлиб, лойиҳанинг кенг қамровли таъсирини кафолатлайди. “Guardians of Heritage” лойиҳаси нафақат маданий дипломатия, балки глобал медиа маконда Ўзбекистон имижини юксалтириш, уни жаҳон билан узвий мулоқотга чиқариш учун янги имкониятларни очади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа