20 дан ортиқ давлатда аниқланган Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар юртга қайтариладими?

   

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Туркия, Россия, АҚШ, Германия, Эрон, Миср, Италия, Ирландия каби йигирмадан зиёд давлатларда “Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида илмий тадқиқот экспедициялари ташкил этилган. Унда Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар аниқланган. Улар орасида Мирзо Улуғбек даврида кўчирилган “Сувар ал-Кавокиб” қўлёзмаси, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” қўлёзмаси кабилар бор.

 

    Ўзбекистон халқининг бой маънавий мероси, маданияти ва илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси жаҳон илм аҳли томонидан чуқур ўрганиб борилмоқда. Айниқса, буюк алломаларимиз томонидан яратилган нодир қўлёзма асарлар ҳозирги кунда дунёнинг турли бурчакларидаги музейлар, кутубхоналар ва шахсий коллекцияларда етук илм намунаси сифатида сақланиб келмоқда.

 

    Ўтмишда юртдошларимиз томонидан яратилган бебаҳо асарлар бугунги кунда нафақат тарихий аҳамиятга, балки маънавий ва илмий жиҳатдан улкан қийматга эга. Шу боис, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган бир қатор қарор ва фармонлар доирасида ушбу илмий хазинани излаш, ўрганиш ва келажак авлодга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

    Хусусан, 2017 йилда қабул қилинган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ қилиш ва тарғиб қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий ёдгорликларни тадқиқ этиш марказини таъсис қилиш тўғрисида”ги қарор мазкур соҳадаги ишларни янада янги  босқичга кўтарди.

 

    “Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида”

 

    Ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда “Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида” лойиҳаси муҳим ўрин тутади. Бу лойиҳа халқимизнинг маънавий бойликларини, илмий меросини тиклаш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, жаҳон жамоатчилигига ўзбек цивилизациясининг улкан ҳиссасини намоён этишга қаратилган.

 

    Лойиҳа доирасида Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон, Туркия, Россия, АҚШ, Германия, Эрон, Миср, Италия, Ирландия каби йигирмадан зиёд давлатларда илмий тадқиқот экспедициялари ташкил этилди. Ушбу экспедициялар давомида кўплаб кутубхона, музей ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди, факсимиле нусхаларни юртимизга олиб келиш бўйича келишувлар имзоланди.

 

    Айни вақтга қадар “Катта Лангар Қуръони”, Мир Ҳайдар Хоразмийнинг “Меърожнома”си, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Ҳусайн Бойқаронинг “Девон”и, “Темур тузуклари”, Мирҳонднинг “Равзатус-сафо”си каби нодир асарларнинг факсимиль нусхалари тайёрланиб, юртимиздаги илмий муассасаларга тақдим этилди.

 

    Мазкур лойиҳа нафақат тарихий ҳужжатларни қайтариш, балки уларни илмий тадқиқ этиш, таржима қилиш, электрон базалар яратиш ва кенг оммага тақдим этишда ҳам муҳим ўрин тутаяпти. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида тайёрланаётган китоб-альбомлар ўқувчиларга нафақат маълумот, балки маънавий бойлик ҳам бахшида этмоқда.

 

    Тарихий адолатни тиклашда кенг қамровли ёндашув

   

    Айтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон қўлёзма мероси деганда фақат ўзбек адабиёти ёки тарихига алоқадор шахсларнинг асарлари эмас, балки тарихан юртимиз ҳудудида тарқалган, бошқа тил ва халқларга мансуб бўлса-да, халқимиз томонидан қўлланилган ва асраб-авайланган асарлар ҳам назарда тутилади. Бундай кенг қамровли ёндашув тарихий адолатни тиклашга, халқимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини тўлиқ акс эттиришга хизмат қилади.

 

    IX–XI асрларда мусулмон Шарқида юзага келган уйғониш даври ва XIV асрнинг иккинчи ярмида Амир Темур томонидан тамал тоши қўйилган Темурийлар Ренессанси даври Ўзбекистон заминидан кўплаб буюк алломаларни етказиб берди. Ушбу буюк уламолар томонидан яратилган илмий асарлар жаҳон илм-фани ривожига асос бўлиб хизмат қилган, улар турли тилларга таржима қилинган ва халқаро илмий жамоатчилик томонидан катта эътиборга сазовор бўлган.

 

    Буюк аждодларимиз математика, география, астрономия, геодезия, минералогия, фармакология, тиббиёт ва жамиятшунослик каби кўплаб илмий йўналишларда бетакрор асарлар яратишган. Ушбу асарлар асрлар давомида Шарқ мадрасалари ва Ғарб университетларида ўрганилган, уларнинг кўпчилиги бугунги кунда дунёнинг энг йирик кутубхоналари ва илмий марказларида сақланмоқда.

 

 

 

 

    Францияда

 

    Жумладан, Париж (Франция)даги Француз Миллий Кутубхонасида Мирзо Улуғбек даврида кўчирилган “Сувар ал-Кавокиб” қўлёзмаси мавжуд бўлиб, унинг саҳифаларида буржлар ва юлдузлар жадвали ҳамда Мирзо Улуғбекнинг портрети ўрин олган. Шунингдек, шу кутубхонада Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” қўлёзмаси ҳам сақланади. Бу асар XII асрда лотин тилига таржима қилинган ва кейинчалик бутун Европага тарқалган. Ундан бири АҚШдаги Йель тиббий-тарихий кутубхонасида ҳам учрайди.

 

    Россияда

 

    “Тиб қонунлари”нинг илк қўлёзмаларидан бири Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Бу ноёб асарни Жан Жак Руссонинг жияни Жан Батист Луи Руссо Яқин Шарқдан олиб келган ва 1819 йили Россия император фанлар академиясига совға қилган. АҚШ Миллий тиббиёт кутубхонасида ҳам ушбу асарнинг бетакрор нусхалари сақланади.

 

 

 

 

    Италияда

 

    Италиянинг Болонья университет кутубхонасида “Тиб қонунлари”нинг иврит тилидаги иккита таржимасини ҳам кўриш мумкин. Бу китоб XV асрнинг биринчи ярмида Италияда чоп этилган ва турли сувратлар билан безатилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси 2025 йил февраль ойида ушбу кутубхонада бўлиб, Ўзбекистонга оид яна бир қатор қўлёзмалар топилгани маълум қилишган эди. Ўзбекистондан малакали мутахассисларни ушбу меросни ўрганиш учун юбориш масаласида келишувга эришилди.

 

    Буюк Британияда

 

    Оксфорд (Буюк Британия)даги Бодлеан кутубхонасида ал-Хоразмийнинг “Мухтасар мин ҳисоб ал-жабр ва-ал-муқобала” асари сақланаётган бўлиб, бу асар замонавий алгебра фани учун асос ҳисобланади. Шу кутубхонада Мирзо Улуғбекнинг астрономия мактаби намунаси бўлган “Зижи Жадиди Кўрагоний” номли асарининг нодир нусхаси ҳам сақланади. Бу қўлёзма тахминан 1473 йилда Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди Али Қушчи томонидан Истанбулга олиб келинган ва 1638 йилда инглиз олим Жон Грейвз томонидан Англияга олиб кетилган. Қўлёзмада ушбу олимнинг шахсий дастхатлари ҳам мавжуд.

 

    Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар жаҳон тўпламларида” лойиҳаси маданий меросимизни тиклаш, сақлаш ва дунё миқёсида тарғиб этиш йўлида қўйилган муҳим ва келажакка қаратувчи қадамлардан биридир.

 

Дурдона Расулова

 

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.