ИЦМнинг "Вақт девори" экспозицияси учун 20 га яқин миниатюралар танлаб олинди

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Иккинчи Ренессанс даври экспозицияларининг “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”дан ўрин олиши режалаштирилаётган миниатюралар бўйича тақдимот ўтказилди.

 

Рассом Беҳзод Хожиметовнинг таъкидлашича, миниатюралар жойлаштириладиган деворнинг узунлиги 57 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил қилади. Девор бўйлаб жами 16-18 та миниатюра ўрин олиб, қўш саҳифаларни ҳисоблаганда 21 та миниатюрани ўз ичига олади.

 

Миниатюралардан иборат девор эскизи ҳақида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Беҳзод Хожиметов миниатюралар эскизлари бўйича ўз тақдимотини намойиш қилди.

 

"Деярли икки ой давомида миниатюралардан иборат девор эскизини яратдик. Унда Ҳирот Бухоро, Самарқанд ва ҳинд миниатюра мактаблари асосида ишланган миниатюралар саралаб олинган. 50 га яқин миниатюралар орасида Шероз, Исфаҳон, Табриз миниатюра мактаблари услубида ишланганлари ҳам бор эди, аммо ўзимизнинг алломалар, тарихий воқеликлар акс этган расмлар танлаб олинди. Бундан ташқари ов, жанг каби манзаралардан воз кечилди, Сабаби деворий суратлар концепцияси биринчи ўринда цивилизациялар, шахслар ҳамда кашфиётлар мавзуларини ўз ичига олади. Миниатюралар ҳам шу мавзулардан четлаб ўтилмаган ҳолда сараланган. Деворий суратнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда уни 100 га яқин рассомлар билан биргаликда чизишни режалаштиряпмиз. Бугун кўплаб олимларнинг миниатюралар ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини қайд қилиб олдик, уларни инобатга олган ҳолда айрим ўзгаришларни киритамиз”, — деди рассом.