Ўлим тўшагида ётган Соҳибқироннинг сўнгги онлари тасвирланган миниатюра топилди

 

Ушбу миниатюра машҳур форс-тожик шоири, Абдураҳмон Жомийнинг жияни Абдуллоҳ Ҳотифийнинг XVI аср бошларида Соҳибқирон Амир Темурни шарафлаб яратилган “Темурнома” асари қўлёзмасидан олинган ва унда ўлим тўшагида ётган саркарданинг сўнгги онлари тасвирланган. 

 

Миниатюра айни пайтда Эрон Миллий кутубхонасида сақланади. 

 

Темурийлар даври адабиётининг етук вакили Абдуллоҳ Ҳотифий 1454 йилда Эроннинг Жом вилоятига қарашли Харжирд қасабасида туғилган. Унинг ижодида тоғаси, машҳур шоир Абдураҳмон Жомийнинг ҳиссаси катта бўлган. У Низомий, Деҳлавий, Жомий ва Навоий сингари улуғ мутафаккирлар изидан бориб, ўз «Хамса»сини яратган. Мазкур беш достондан бири – «Темурнома» соҳибқирон  Амир Темурнинг жаҳонгирлик салоҳиятига бағишланади.
 

Ҳотифий  «Хамса»си «Лайли ва Мажнун», «Ширин ва Хусрав», «Ҳафт манзар», «Темурнома», «Футуҳоти шоҳий» ёки «Шоҳнома» достонларидан иборат. Ҳотифий «Хамса»сидаги «Лайли ва Мажнун» унинг энг мукаммал достонларидан биридир. Бу достон Алишер Навоийга бағишланган. Достон муқаддимасида «Дар таърифи Мир Алишер» («Мир Алишер таърифида») сарлавҳали махсус боб борки, у ҳам Ҳотифий асарининг Навоийга, яъни ўз идеалидаги комил инсонга бағишланганлигини тасдиқлайди. 

 

Ҳотифий достонининг Навоийга бағишланиши ва унда улуғ ўзбек шоири алоҳида бобда мадҳ этилиши бежиз эмас эди. Чунки Ҳотифий Навоийнинг энг яқин ва истеъдодли шогирдларидан бири эди. Шу сабабли Навоий шогирди камолоти учун жуда кўп қайғурган, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган эди. Бундан ташқари, Навоийнинг Ҳирот адабий муҳити ривожи учун қилган ишлари, мамлакат тинчлиги, халқлар дўстлиги ва фаровонлиги, илм-фан, адабиёт ва санъат тараққиётига қўшган ҳиссаси, шоир, олим, тарихчи, таржимон сифатида яратган етук асарлари Ҳотифийда улуғ ўзбек шоирига нисбатан юксак эҳтиром уйғотган эди. 

 

Ҳотифий ҳаётининг сўнгги йиллари сафавийлар даврига тўғри келади. Шоҳ Исмоил Сафавий шоирга ҳомийлик қилган. Шоир ўз уйида хаста ётганида Шоҳ Исмоил Сафавий унинг ҳолидан хабар олгани келади. Шоир умрининг сўнгги йилларида шоҳга  атаб “Исмоилнома” достонини ҳам ёзган. Аммо маълумотларга кўра, бу достон охирига етмай қолган. Ҳотифий 1521 йилда вафот этган.