Муқаддас Каъба ёпинчиғи - кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, Кисва парчасининг остида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз  бин Абдурраҳмон Ол Сауднинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига совғаси деган маънодаги изоҳ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Ол Сауд ҳамда валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Вазир, шунингдек, Ўзбекистон Президентига Подшоҳнинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи – кисванинг бир парчасини топширди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз Раҳбари топшириғига кўра, Кисва парчасининг остида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз  бин Абдурраҳмон Ол Сауднинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига совғаси деган маънодаги изоҳ бўлади.

“Ҳурматли Президентимизнинг Каъба ёпинчиғи –кисванинг парчасини Ислом цивилизацияси марказига жойлаштириш ҳақидаги қарорлари биз учун том маънодаги тарихий ва шарафли воқеа бўлди, — деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. — Чунки бундай бебаҳо ҳадя Ислом цивилизацияси марказининг мазмун-моҳияти Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканлигига яна бир  далилдир.  Бу ҳадя Ислом динининг улуғ алломалари етишиб чиққан юртимиз, халқимиз ва Президентимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Биз шу куннинг ўзидаёқ Марказ жамоаси иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда бу хушхабарни эълон қилдик. Марказ олимлари ва ижодий ходимлар бундай шукуҳли хабарни мамнуният билан қабул қилиб, Давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган юксак эътибори учун ташаккур билдирдилар. Ҳамкорларимиз ва кенг жамоатчилик бизни ҳурматли Президентимиз орқали бизга етиб келган бундай табаррук совға билан табрикламоқда.  Албатта,  муқаддас Каъба ёпинчиғи – кисва парчаси Марказдаги энг қадрли экспонатлардан бири бўлиб қолади. Бундай бебаҳо ҳадя учун ҳурматли Президентимизга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдирамиз”.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазири шу куни Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган мегалойиҳа –  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди ва Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган ушбу Марказ нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё ҳамда бутун ислом оламининг энг жозибали ва ибратли маънавий масканларидан бирига айланишини алоҳида таъкидлашди. "Таассуротларим ажойиб! Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўхшаши йўқ лойиҳа эканини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим. Бино ва унинг маҳобати таҳсинга сазовор. Уни янада ривожлантириш учун ёрдамимиз тегса, хурсанд бўламиз. Ислом цивилизацияси маркази мана шундай кўринишда бўлиши ҳақида ўйлаган эдим. Бироқ уни ўз кўзим билан кўргач, қойил қолдим. Улкан иш қилингани, унинг ортида катта меҳнат ётгани кўриниб турибди", — деди Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа.

Подшоҳликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ҳамда ЎзИЦМ ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган музокараларда Ўзбекистондан ҳаж ва умранинг тарихи ҳамда бугунига бағишланган ҳужжатли фильм яратишга келишиб олинди. Фильмда Ислом дини диёримизга ёйилишининг илк давридан бошлаб яқин ўтмишгача ўзбекистонлик мусулмонларнинг ҳаж ва умра зиёратини амалга оширишида дуч келинган тўсиқлар, қийинчиликлар ва Янги Ўзбекистонда бу борадаги кенг имкониятлар кўрсатиб берилади. Бундан ташқари, фильмда ўзбекистонлик зиёратчилар учун яратилаётган қулай шароитлар, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳам акс эттирилади.

Учрашув сўнгида  Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ томонидан нашр этилган Катта Лангар Қуръонининг факсимилеси ва хаттот Ҳабибулло Солиҳ кўчирган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мактубларидан бирининг нусхаси меҳмонларга ҳадя қилинди.