Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарорига асосан ташкил этилган.
2. Марказ ўзининг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.
3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.
4. Марказ ўз фаолиятини қонунийлик, ошкоралик, коллегиаллик ҳамда жамоат фикрини ҳисобга олиш принциплари асосида юритади.
5. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида талаб қилиб олинадиган чет эл валютасидаги депозит ҳисоб рақамларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Марказнинг тўлиқ номи:
давлат (ўзбек) тилида — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази;
рус тилида — Центр исламской цивилизации в Узбекистане при Кабинете Министров Республики Узбекистан;
инглиз тилида — Center of Islamic Civilization in Uzbekistan under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;
араб тилида — لدي مجلس الوزراء لجمهورية أوزبكستان مركز الحضارة الإسلامية في أوزبكستان .
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 23-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2018 й., 09/18/23/0576-сон)
7. Марказда иш юритиш давлат тилида олиб борилади. Марказ рус, инглиз ва араб тилларида ҳам иш юритиши мумкин.
8. Марказнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй, 100002.