Ўзи ҳақида ўзи маълумот берадиган китоблар ҳақида эшитганмисиз?

Бу лойиҳа юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Италиянинг “Magister Art” компанияси томонидан  амалга оширилмоқда. Шунингдек, тез орада юртимизда Цивилизациялар боғи ташкил этилиши кутиляпти. Бу ҳақда жорий йил сентябрь ойида очилиши кутилаётган мегалойиҳанинг контентларини бойитиш бўйича маҳаллий олимлар ва хорижий мутахассислар иштирокида бўлиб ўтаётган қизғин муҳокамаларда маълум қилинди. 


Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан ўрин олаётган “Биринчи Ренессанс даври” экспозицияси жаҳон андозалари асосида ташкил этиляпти. 


Италиянинг “Magister Art” компаниясининг креатив директори Алессандра Костантини, машҳур архитектор Лаура Перетти ҳамда Марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокамада лойиҳа иштирокчилари томонидан экспозициянинг ислом илмлари, аниқ ва табиий фанлар, Боғдод ва Хоразм Маъмун академиялари каби секторларга қўйиладиган экспонатлар ва марказ биноси атрофида ташкил этиладиган махсус цивилизациялар боғи ҳақида сўз юритилди. 


Дунё бўйлаб маданий ва маърифий тадбирлар, халқаро кўргазмаларни ташкил этувчи Италия компанияси экспозициянинг таркибий қисмлари, унинг визуал ва концептуал мазмунини янада такомиллаштиришга оид таклифлар берди. Хусусан, меъморий мерос, санъат намуналари ва илмий кашфиётларни замонавий технологиялар орқали намойиш этиш усуллари кўриб чиқилди. Ушбу ташкилот маданий меросни тарғиб қилиш, кино ва медиамаҳсулотлар яратиш ҳамда машҳур санъат ва илм аҳллари билан ҳамкорлик қилиш борасида катта тажрибага эга.