Япониядан тортиб Лувр музейигача кўплаб экспонатларнинг асл нусхаси олиб келиниши режалаштирилмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш мақсадида “Исломдан аввалги давр” йўналиши бўйича 100 дан ортиқ муҳим лойиҳалар муҳокама қилинди. Унда Япониядан тортиб Лувр музейигача кўплаб экспонатларнинг асл нусхасини олиб келиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Лойиҳа доирасидаги ишчи гуруҳининг навбатдаги муҳокамасида тарихчилар, археологлар ҳамда соҳага алоқадор мутахассислар иштирок этди.
Мазкур бўлим фаолияти орқали қадимий цивилизациялар, тарихий ёдгорликлар, археологик топилмалар, диний эътиқодлар ва маданият тараққиёти ҳақида бой маълумотлар кенг жамоатчиликка тақдим этилиши кўзда тутилган. Айниқса, Ўзбекистон ҳудудида исломдан аввал мавжуд бўлган зардуштийлик ва буддизм, меҳнат маданияти, шаҳарсозлик анъаналари, илк давлатчилик шакллари каби муҳим жиҳатлар инновацион ёндашувлар асосида ёритилиши режалаштирилган.
Муҳокамада тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исхоқов бу йўналишдаги изланишларнинг илмий ва маданий аҳамияти, шунингдек, ёш авлодни тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Исломдан аввалги давр цивилизацияларини чуқур ўрганиш — бу бизнинг тарихий хотирамизни тиклашдир. Ҳар бир археологик топилма, ҳар бир маданий қатлам бизга аждодларимиз тафаккури ва дунёқараши ҳақида ҳикоя қилади. Бу йўналишдаги илмий изланишлар халқимиз маданий меросини дунёга танитишда катта аҳамиятга эга.” – дейди Мирсодиқ Исхоқов.
Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа, шубҳасиз, ўзбек халқи тарихи ва маданий меросини чуқур ўрганишда муҳим босқичлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Ko'p o'qilgan

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Presentation of new projects in cinema

Treasures of the Ages: The Manuscript Heritage of Uzbekistan
