"Ислом цивилизацияси марказининг муҳимлилик даражасини сўз билан таърифлаш жуда қийин!" — Абдумажид Мадраҳимов

Бугунги нотинч дунёда илм, маърифат ва маданият инсониятни бирлаштирувчи, тинчлик ва барқарорликни таъминловчи энг кучли восита бўлиб қолмоқда. Айниқса, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни замонавий жамиятга интеграция қилиш бугунги даврнинг долзарб вазифаларидандир.


Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юртимизда олиб борилаётган илмий-маънавий уйғонишнинг ёрқин ифодаси сифатида дунё майдонида ўз ўрнига эга бўлиши кутилмоқда. Бу маскан нафақат тарихий ҳақиқатни тиклаш, балки келажак авлодга соғлом тафаккур, бағрикенглик ва илмий қарашлар асосида тарбия беришга хизмат қилаётган муҳим марказдир.


Марказда амалга оширилаётган “Зиёлилар нима дейди?” лойиҳаси доирасида юртимизнинг етук олимлари, зиёлилари, илм фидойилари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирмоқда. Ана шундай меҳмонлардан навбатдагиси — тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраҳимов бўлди.


“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг кўп йиллар давомида қилган ўчмас излари ва ёрқин ишлари, шунингдек, илм вакилларининг фидойилиги, ижод намуналари ҳамда III Ренессанс асоси ушбу кўргазмаларда жамланади. Марказни бойитиш мақсадида олимларимиз айни пайтда 800 га яқин лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Умид қиламанки, тинчлик, бағрикенглик ва инсонийлик фазилатларимиз ушбу саъй-ҳаракатларимиз мисолида намоён бўлади,” – дейди Абдумажид Мадраҳимов.


Дарҳақиқат, бу каби эзгу интилишлар орқали илм-фан, тарих ва маданият йўналишларида юксак натижаларга эришиш мумкин. Зеро, илмга асосланган тараққиёт, тинчлик ва тотувликка хизмат қилади. Ислом цивилизацияси маркази айнан шундай эзгу мақсад йўлида изчил ҳаракат қилмоқда.


Тўлиқ дастурни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.