Аваз Ўтарнинг илмий мероси Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек адабиётининг ёрқин вакилларидан бири – Аваз Ўтар ҳаёти ва ижодига бағишланган янги медиалойиҳа ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳадан марказ экспозициясини мазмунан бойитиш, маънавий меросимизни кенг оммага танитиш кўзланган.


Аваз Ўтар XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида ижод қилган Хоразм адабий муҳитининг таниқли шоирларидан бири бўлиб, ғазал, мухаммас, рубоий каби жанрларда ёрқин ижод намуналарини қолдирган. Унинг асарлари жаҳолатга қарши кураш, илм-маърифатни тараққий эттириш ғояларига бой бўлиб, ўз замонасининг муҳим ижтимоий муаммоларини акс эттиради.


Лойиҳа доирасида шоирнинг бой назмий мероси чуқур ўрганилиб, илмий мақолалар, мультимедиа материаллар, интерактив кўргазмалар ва визуал тақдимотлар тайёрланиши кўзда тутилган. Шу орқали унинг маърифатпарварлик ғоялари бугунги авлодга янгича тарзда етказилади.


Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Аваз Ўтар – ўзбек маърифатпарвар шоири” лойиҳаси миллий маънавий меросимизни асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга етказишда муҳим қадам саналади. Аваз Ўтарнинг ижодий мероси нафақат адабий аҳамиятга, балки умуммиллий маънавий қадрият сифатида катта ўринга эга.