Махсус штаб: ҳозиргача диний-маърифий йўналишда 14 та лойиҳа учун техник топшириқлар тайёрланган
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан музей экспозициясини бойитиш, диний-маънавий меросни тарғиб қилиш ва ёш авлодни илм-маърифатга йўналтириш мақсадида амалга оширилаётган махсус лойиҳалар юзасидан штаб йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида диний-маърифий йўналишда режалаштирилган жами 26 та лойиҳа муҳокама қилинди. Ушбу ташаббуслар 8 та ҳамкор ташкилот билан биргаликда босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан:
• 1 босқичда – 18 та лойиҳа;
• 2 босқичда – 2 та лойиҳа;
• 3 босқичда – 5 та лойиҳа татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Муҳокамалар жараёнида лойиҳа ижрочилари ҳамда илмий-ижодий гуруҳ аъзолари иштирокида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда тегишли баённомалар расмийлаштирилди.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институти билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ислом цивилизацияси маркази томонидан илгари сурилаётган бу лойиҳалар тарихий ҳақиқатларни ёритиш, ислом илм-фани ва маданиятининг улкан меросини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса ёшлар қалбида илм ва маърифатга бўлган қизиқишни кучайтириш йўлида муҳим қадамлардан биридир.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
