Ислом цивилизацияси сабоқлари 2-машғулот


Мусулмон мамлакатлари тарихида болаларга сабоқ бериш мавзусига алоҳида эътибор қаратилган. Болалар бошланғич мактаблар ва дарсхоналарда зарур билимлар ва маълумотлар олибгина қолмасдан, руҳий ва жисмоний жиҳатдан ривожланишлари зарур деб ҳисобланган. Буюк аждодимиз Ибн Сино, 12-асрда Дамашқда яшаган ва фаолият юритган машҳур шифокор Аш-Шайзари мактабдор-устозлар болаларга нисбатан қандай муносабатда бўлишлари лозимлигини ўз асарларида ёзиб қолдирганлар. Жумладан, улар болаларни жисмоний жазолаш, уларга қувватлари етмайдиган ишларни топширишни тавсия этмаганлар ва бундай ҳолатлар на болалар, на жамиятга фойда келтирмайди, деб ҳисоблаганлар.

Буюк олим ал-Ғаззолий ҳам 11-асрдаёқ "болаларга таълим бериш жисмоний ўйинлар билан тенг равишда олиб борилиши керак, билакс, уларни бош кўтармасдан илм ўрганишга мажбур қилиш малол келади, қалбларига қулф солади ва заковатларини ўтмаслаштириб қўяди. Шунда улар машғулотларга чап беришга урина бошлайдилар. Бинобарин болалар ўйинчоқлар ўйнашлари, қўғирчоқбозларнинг томошаларини кўришлари ва жисмоний машқлар билан шуғулланишлари керак", деб ёзган эди.

Мусулмон оламининг дастлабки мактабларида асосан маълумот тарқатиш билан шуғулланганлар. Жомеъ масжидлар ва мадрасаларда олимларнинг ўзаро фикр алмашишлари одатий ҳолат ҳисобланган. Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк муҳаддисларнинг, Ибн Сино, Фарғоний, Хоразмий, Ибн Холдун каби улуғ олимларнинг шаклланишларида ҳам илмий мунозаралар ва маълумот алмашишлар муҳим ўрин тутган. Ҳозир ҳам табаррук Маккадаги Ҳарам масжиди, нурли Мадинадаги Пайғамбар Ҳарам масжиди ва Қуддуси шарифдаги Ал-Ақсо масжидида махсус хоналар жиҳозланган бўлиб, у ерларда уламоларнинг халқаро машваратлари ташкил этиб турилади.

Замон ўтиши билан мактаблар замонавий тус ва шаклга эга бўлдилар. Таълим мактаблари ва мадрасаларга ёшларни ҳар томонлама илмли, зиёли ва жисмонан соғлом қилиб камолга етказиш топширилган. Илмий мактабларга эса, ҳамон олимларни шакллантириш вазифаси юкланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан барпо этилган Самарқандда Ҳадис мактаби, Бухородаги Олий Мир Араб мадрасаси, Тошкент Ислом институти, Халқаро Ислом академияси Бухорий, Термизий, Нафасий, Доримий, Замаҳшарий ва бошқа қатор исломий илмларга, ислом хазорасига катта ҳисса қўшган уламоларимизнинг анъаналарини давом эттира оладиган ва замон талабларига жавоб берадиган мутахассис-олимларни етиштириш йўлида фаолият олиб борадилар.

 

Телеграм каналга уланиш: https://t.me/islommarkazi