Буюк мақсадлар буюк масъулиятни талаб қилади


Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари ва институт ректорининг талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди.


  Тошкент Ислом институти талабаларига Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тақдим қилинди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифаларнинг марказ биноси маҳобатига мос экани, буюк аждодлардан қолган бой илмий-маънавий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш келажакда ислом дини тарихи, унинг асл тинчлик, эзгулик, инсонийлик ва бунёдкорлик ҳамда юксак ахлоқдан иборат моҳиятини жамият аъзоларига етказиб бера олишга қодир бўлган мутахассисларни шакллантиришни тақозо қилиши талабаларга атрофлича тушунтириб берилди.
  Ислом дини тўғрисидаги фанлар, араб, форс, инглиз ва рус тилларини пухта эгаллаган, миллий ва диний қадриятларимиз асосида шаклланган одоблилик, интилувчанлик, ватанпарварлик каби юксак фазилатларга эга ёш мутахассислар келажакда албатта Ислом цивилизацияси марказида фаолият олиб боришлари мумкин бўлиши қайд этилди.
  Учрашув самимий, очиқ суҳбат тарзида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда устозлар билан фикр алмашдилар.