“1001 ихтиро” ташкилоти раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида Марказ экспозициясида ёшлар айниқса, болалар учун интерактив лойиҳалар, иммерсив шоулар ташкил этиш топшириғини берган эди. Шу мақсадда Ислом цивилизацияси маркази дунёнинг етакчи компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.
Бирлашган Қиролликнинг “1001 ихтиро” илмий-маданий мерос ташкилоти раҳбари Аҳмад Салим ҳам айнан шу йўналишдаги лойиҳалари билан Ўзбекистонга ташриф буюриб, Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов билан учрашди.
Учрашув давомида Аҳмад Салим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи контентини янада қизиқарли тарзда ташкил этиш, болалар учун алоҳида ташкил этиладиган зал концепциясини шакллантириш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурди. Сунъий интеллектга асосланган ҳолда улуғ алломаларимизнинг расмларини жонлантириш, бунинг ёрдамида ташриф буюрувчилар билан мулоқот қила олиш имконини тақдим этиш шулар жумласидан. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг дунё цивилизациясидаги аҳамияти ҳақида қисқа метражли фильмлар ишлаш бўйича ҳам фикр алмашилди.
2024 йилда Тошкент ва Самарқандда ўтказилган “Шарқ Ренессанси феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” ҳафталиги ва “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгрессда иштирок этган Аҳмад Салимнинг лойиҳалари олимлар томонидан ижобий баҳоланганди. Эндиликда у ўз лойиҳалари асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ёшлар, айниқса, болалар учун интерактив лойиҳалар ва иммерсив шоуларни жорий этиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу ташаббус болаларга илм-фан ва маданиятни кўргазмали тарзда ўрганиш имконини яратади. Лойиҳа доирасида замонавий технологиялар ёрдамида тарихий воқеаларни жонлантириш ҳам режалаштирилган.
"Бугун ҳамма сунъий интеллект ҳақида гапирмоқда. У жуда тез ривожланяпти. Биласизми, бир йил олдин биз сунъий интеллект ёрдамида фақатгина оддий видеолар тайёрлашимиз, содда фильмлар ишлашимиз мумкин эди. Энди эса ўзбекистонлик тарихий шахсларнинг 2D тасвирини олиб, бирданига уларни жонлантиришимиз мумкин. Ҳаттоки улар ташриф буюрувчилар билан суҳбатга ҳам кириша олади. Суҳбат сунъий интеллект модулига киритилган тарихий шахсларга оид мавжуд қўлёзмалар, контент ва маълумотларга асосланади. Бу биз бир неча йиллар аввал хаёлимизга ҳам келтирмаган ажойиб имконият. Илгари ҳеч қаерда амалга оширилмаган мана шундай янгиликни Ислом цивилизацияси маркази учун ишлаб чиқаётган лойиҳамиз доирасида амалга оширишдан мамнунмиз", — дея фикр билдирди Аҳмад Салим.
Аҳмад Салимнинг таъкидлашича, “1001 ихтиро” ташкилоти Ислом цивилизацияси марказининг контентини бойитишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
"Бизнинг “1001 ихтиро” ташкилотимиз таълим жараёнини кўнгилочар тарзда ташкил этиш билан шуғулланади. 20 йилдан буён ушбу йўналишда 40 дан ортиқ давлатларда фаолият олиб боряпмиз. Айтиш лозимки, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази контентини янада бойитишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Марказ билан қизиқарли ва замонавий услублардан фойдаланган ҳолда ёшлар аудиториясини жалб қилиш масаласида ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу орқали уларни Ўзбекистон ва ушбу минтақа тарихи билан янада яқинроқдан таништириш имкони пайдо бўлади”, — деди Аҳмад Салим.
Маълумот учун, “1001 ихтиро” ташкилоти фан, технология ва муҳандислик соҳаларига ёшларни қизиқтириш мақсадида фильмлар, китоблар, интерактив ўйинлар ва рақамли медиа маҳсулотларини яратади. Улардан бири – таниқли актёр Бен Кингсли иштирокидаги “1001 ихтиро ва сирлар кутубхонаси” фильми 150 миллиондан ортиқ томошабинга эга бўлиб, кўплаб халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Шунингдек, ташкилот илғор технологиялар асосида Осиё ва Европанинг турли мамлакатларида кўргазмалар ташкил этиб келмоқда.