"Иккинчи Ренессанс" экспозициясида Амир Темур фаолияти иммерсив шоу асосида намойиш этилади

Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев бошчилигида ўтган йиғилишда "Иккинчи Ренессанс" экспозициясининг паспорти атрофлича муҳокама қилинди. Унда қайси лойиҳалар доирасида қандай экспонатлар жойлаштирилиши, уларга кимлар жалб қилиниши ва тегишли техник топшириқлар юзасидан фикр алмашилди.

Муҳокамада иштирок этган олимлар, айниқса, экспозициянинг илмий асосланганлиги, тарихий ишончлилиги ва эстетик жиҳатдан таъсирчан бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар. Ҳар бир сектор мазмунан мукаммал бўлиши, айниқса ёш авлодга илҳом бағишлаши лозимлиги қайд этилди.


Йиғилишда экспозициянинг эътиборли жиҳати сифатида Амир Темур ва Мирзо Улуғбек секторларига алоҳида эътибор қаратилди. Олимлар бу бўлимларда қандай ноёб экспонатлар жойлаштирилиши, уларнинг мазмуни ва таъсири борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, Амир Темур секторида унинг туғилиши, давлат бошқарувидаги стратегик тафаккури, ҳарбий юришлари ва шахсияти чуқур ёритилиши таклиф қилинди. Мирзо Улуғбек секторида эса илм-фан, астрономия ва маданиятга қўшган ҳиссаси замонавий технологиялар ёрдамида намойиш этилиши зарурлиги таъкидланди.


Муҳокама давомида экспозицияда намойиш этилиши режалаштирилган экспонатлар рўйхати олимларга тақдим этилди. Улар бу рўйхат юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб, қандай қўшимчалар киритиш ва нималарни қўшиш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар. Шунингдек, айрим экспонатлар учун бир нечта вариантлар тақдим этилди, олимлар эса уларнинг қайси бири экспозициянинг умумий концепциясига мос келишини тавсия қилдилар.


Йиғилишда иммерсив шоу концепцияси ҳам кўриб чиқилди. Асосий таклиф сифатида Амир Темурнинг туғилиши жараёнини махсус саҳналаштириш орқали томошабинда чуқур таъсир қолдирадиган драматик чиқиш намойиш этилиши таклиф қилинди. Бу орқали экспозициянинг эмоционал кучи оширилиши, тарихга бўлган қизиқиш кучайтирилиши мақсад қилинган.


Шунингдек, Шарқшунослик институтида мавжуд бўлган жуда кўплаб қўлёзмалар орасидан энг нодир ва мазмунли нусхалар саралаб олиниб, экспозицияда намойиш этилиши юзасидан топшириқ берилди. Бунда қўлёзмаларнинг илмий, маданий ва эстетик қиммати инобатга олинади.


Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими Омонилла Бўриевнинг таъкидлашича, экспозицияда Амир Темурнинг туғилишини техник томондан кучли кўрсатилиши керак.
 

"Ўз вақтида  Соҳибқирон ҳақида жуда кўп тарихий асарлар ёзилган. Уларга Амир Темурнинг туғилишидан бошлаб туриб то вафотига қадар маълумотлар берилган. Биринчи энг муҳим маълумот Амир Темурнинг туғилиши пайтидаги сайёраларнинг ҳолати ҳақида ёзилган. Ўша пайтда олам тузилишида сайёраларнинг қуёш тизимидаги жойлашиши ҳақида ёзилган. Ўша пайтда иккита сайёранинг туташиши юз берган. Иккита сайёранинг яқинлашишини  “Қирон” дейилади араб тилида. Яъни иккита сайёранинг яқинлашиши бу ғайри оддий ҳолат. Ўша пайтда туғилган чақалоқ Соҳибқирон бўлади. Бу сўз ўша ердан келиб чиққан. Амир Темурнинг исмининг олдига Соҳибқирон қўйилиши унинг исми билан боғлиқ. Экспозицияда Амир Темурнинг туғилишини  техник томондан кучли кўрсатилиши керак", — дейди Омонилла Бўриев.